21 Март 2023 йил 568

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан вилоят аҳли ҳамда ички ишлар органлари ходимларига табриги

Азиз жиззахликлар, эл осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш йўлида фидойилик кўрсатаётган қадрли ҳамкасблар, ҳар ишда ёшларга таянч бўлаётган соҳа фахрийлари!

Борлиқ уйғонаётган ушбу қутлуғ онларда барчангизни шарқона янги йил — Наврўз билан чин дилдан қутлайман. Ҳар бир кунимиз кўклам янглиғ яшариш, янгиланишга уйғун бўлсин, юртимиз дунё тургунча турсин, бу тупроқни тинчлик ва эрк ҳеч қачон тарк этмасин. Хонадонларимиздан файз-барака, хотиржамлик, қувонч, меҳр ва оқибат аримасин!

Халқимиз асрлар давомида қалби тўрида эзгу қадрият сифатида ардоқлаб келаётган уйғониш тимсоли бўлган Наврўзни улкан тантаналар ва шоду хуррамлик билан қаршилайди. Жумладан, бугун ҳам она юртимиз табиатдаги ўзгаришлар сабаб кўркам қиёфа касб этмоқда, ўз навбатида юртдошларимиз юрагини янгиланиш фаслига хос илиқ ҳислар тўлдирган.

Қолаверса, бугун барчамиз мамлакатимиз тараққиёт ва юксалиш сари дадил интилаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аксариятимиз ана шу эврилишларнинг бир бўлагига айланганмиз. Шу маънода Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига, халқ ҳаётининг фаровон бўлишига ҳамда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга ҳисса қўшаётган барча юртдошларимизга улкан муваффақиятлар тилайман!

Азиз дўстлар, ака-укалар, опа-сингиллар, қадрли ҳамкасблар, Наврўзингиз муборак, ушбу қутлуғ айём она Ўзбекистонимизга, ҳар бирингиз ва оилангизга фақат яхшиликлар келтирсин!  

  

 

 

Text to speech