Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларида аҳоли муаммоларини ўрганди
Жорий йилда Шароф Рашидов тумани Каттақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини биноси бунёд этилди. Яқиндагина фойдаланишга топширилган мазкур бинода фаоллар ва фуқаролар учун барча шароитлар яратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. 3- сектор раҳбари каттақишлоқликлар билан учрашуви аввалида ушбу қулайликларни кўздан кечирди.
Фуқаролар билан мулоқотда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар тилга олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халққа қилган навбатдаги Мурожаатномасида тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар билан бирга янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар қайд этилгани тушунтирилди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлари ҳудудни обод қилиш, йўл таъмири, электр ва табиийгаз таъминоти билан боғлиқ масалалари ҳал этилганидан мамнунлигини билдиришди.
Таъкидланишича, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида маҳалла қизилдан сариқ тоифага ўзгартирилди. Бундан ташқари, йил давомида ер ажратилиши, субсидия асосида тикув мошинаси каби жиҳозлар олиб берилиши билан 190 га яқин ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланишига эришилди. 60 киши эса кредит маблағи эвазига ҳунармандчилик, тикувчилик сингари йўналишларда тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйди.
Вилоят ИИБ бошлиғининг Ғаллаорол тумани Самарқанд маҳалласида ўтказган учрашувида ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бажарилган ишлар билан бирга келгусида қилиниши зарур бўлган масалаларга ҳам диққат қилинди. Тадбирда фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳал этишда кўмак сўрашди. Хусусан, ичимлик суви, таъмирдан чиқарилаётган соғлиқни сақлаш муассасасини тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгиларни ўрнатиш каби мурожаатлар масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, масъулларга топшириқлар берилди.
Маълум қилинишича, жорий йилда туманнинг 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда кўчаларга шағал ва асфальт ётқизиш, электр энергияси ва табиий газ тармоғини янгилаш ва таъмирлаш, аҳолига қулай шароит яратиш борасида бир мунча ишлар амалга оширилди. Учрашувда янги 2023 йилда туман иқтисодиётини янада юксалтириш, қуриладиган янги корхоналар, яратиладиган бўш иш ўринлари, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган режалар ҳам маълум қилинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати