Жиззахда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Тадбир аввалида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник Олимжон Абдуллаев маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлигини ошириш йўлидаги ишлар хусусида тўхталди.
Шундан сўнг Жиззах давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Усмонжон Қосимов “Абдулла Орипов – миллат шоири” мавзусида маъруза қилди. Таъкидландики, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ўзбек адабиётини янги босқичга кўтарган ноёб истеъдод соҳиби. Унинг юксак бадиий, теран фалсафий шеърлари халқимиз кўнглидан жой олган. Драматик ва публицистик асарлари, достон ва таржималари адабиётимиз ривожига жуда катта ҳисса бўлиб қўшилган.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими раҳбари, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Меҳринисо Абдураҳмонова Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижод йўли хусусида сўз юритди. Буюк ижодкор асарларида она Ватан улуғланиши баробарида довюрак ва танти, мунис ва мушфиқ, инсофли ва диёнатли халқимизнинг ҳалол, пок, самимий қалби намоён этилгани айтилди. Абдулла Ориповнинг Ватанимиз, халқимизга нафақат бадиий асарлари билан, ўз навбатида ижтимоий фаол шахс сифатида қилган хизматлари ҳам эътироф этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ўқувчилари томонидан шоир шеърларидан ўқилди.
Тадбир сўнгида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ташкилий бошқарма бошлиғининг ўринбосари, подполковник Воҳиджон Алланазаров қонунчиликдаги янгиликлар хусусида маълумот берди.