9 Феврал 2021 йил 986

Жиззахда навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди

2021 йилнинг 9 февралида Жиззах шаҳар давлат хизматлари марказининг мажлислар залида Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимларининг 2020 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йил режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Жиззах вилоятидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот хизматлари масъуллари ва блогерлар иштирокида уюштирилган матбуот анжумани аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Улуғбек Адилов сўзга чиқиб, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги тўғрисида маълумот берди.  

Шундан сўнг Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мансур Сатторов Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ва унинг қуйи тизимларининг 2020 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилда соҳада амалга оширилиши кўзда тутилаётган тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмаларидаги тергов ва процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган 50 та хизмат хонаси видео ва аудиоёзиш қурилмалари билан жиҳозланди. Қолаверса, вилоятдаги 27 та ички ишлар органларидаги маъмурий биноларнинг барчасида сўровхоналари ташкил қилинган бўлиб, ушбу хоналарга ҳам видеокузатув ва аудиоёзиш ускуналари ўрнатилди. Яъни, ички ишлар органлари биносига келтирилган шахслар билан мана шу хоналарда суҳбат ўтказилади.

Келгусида тергов амалиётида ахборот технологиялардан янада кенгроқ фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бинобарин, тергов органларига электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади. Бу тадбир келиб тушаётган мурожаатларни қисқа фурсатларда текшириш ва фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан ҳимоялаш учун хизмат қилади.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси масъулларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech