Жиззахда ўтказилаётган кўпкураш мусобақасида кинологлар беллашмоқда
Айни кунларда Жиззах вилоятида ички ишлар органлари кинология бўлинмалари ходимларининг анъанавий кўпкураш мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда ИИВ қоровул қўшинлари кинология бўлинмалари ходимлари иштирокида уюштирилган мусобақанинг очилиш маросимида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда ИИВ жамоат хавфсизлиги департаментининг жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи, подполковник Шерзод Ибрагимов сўзга чиқди.
Нотиқлар мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, соҳа вакилларининг самарали фаолият кўрсатишлари учун яратилаётган имконият ва шароитлар, шунингдек кинологларнинг жиноятчиликка қарши қаратилган саъй-ҳаракатлари тўғрисида сўз юритдилар. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида соҳа ходимлари хизмат итлари ёрдамида 2400 дан ортиқ жиноятни фош этишган ва бу жараёнда 84 килограмм наркотик моддалар олинган.
Тадбир доирасида мусобақа қатнашчилари, Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ патруль-пост хизмати, тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди, Миллий гвардия ходимлари ҳамда мазкур тизим вакиллари ихтиёридаги транспорт воситаларининг паради ташкил этилди. Сўнг Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари қўл жанги ҳамда автоматик қуроллар, тўппонча, пичоқ ва бошқа махсус воситалардан фойдаланишга оид маҳоратларини намойиш этдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мусобақада ҳар бирининг таркибида 3 нафар кинолог ва 3 та хизмат итидан таркиб топган 15 та жамоа иштирок этмоқда. Баҳсларда хизмат итларининг буйруқларга бўйсуниш, из қидирув, тўсиқлардан ўтиш, гиёҳвандлик ва қурол-яроғларни топишга оид салоҳияти синовдан ўтказилаётир. Эртага биатлон ҳамда мусобақанинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.