21 Феврал 2022 йил 785

Йўл ҳаракати қоидаларни бузманг

2021 йилда Жиззах вилоятида 447 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди. Чунончи, 151 та ҳолатда автуловлар тўқнашган, 52 та автомашина ағдарилган, 11 ҳолатда транспорт воситалари тўхтаб турган автоуловларга, 27 ҳолатда эса тўсиқларга урилган.

Шунингдек, 26 нафар велосипедчи йўл-улов ҳодисаларида жабрланди. 175 ҳолатда эса пиёдаларга азият етди. Улардан 92 нафари болалардир. Умуман олганда йўл-транспорт ҳодисаларида 372 нафар фуқаро жиддий жароҳатланган, улардан 152 нафари ҳаётдан кўз юмган.

Бу рақамлар ортида ўлим ва ногиронлик билан боғлиқ қанчалар ғам ва ташвиш борлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Айтиш жоиз, нохуш ҳодисаларнинг аксарияти ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари, қоидаларни билмасликлари, маст ҳолатда транспорт воситасини бошқаришлари, тажрибасизлик, қолаверса йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёдаларга йўл бермаслик сабаб содир бўлмоқда.

Пиёдаларда ҳам айб йўқ эмас. Йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтиш, йўлни кесиб ўтаётган вақтда алоқа воситаларидан фойдаланиш, ёритилмайдиган йўллар чеккасида ҳаракатланиш кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқармоқда. 20 ҳолатда пиёдалар маст ҳолатда йўлни кесиб ўтганликлари ёки серқатнов йўл ёқасида ҳаракатланганликлари туфайли жабрланишди.

Шу билан бирга болаларни қаровсиз қолдириш, уларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмасликлари, вояга етмаганларнинг серқатнов йўлларда катталар назоратисиз ҳаракатланиши, йўл бўйларида ўйнашлари натижасида аянчли воқеалар рўй берган. Жумладан, 2021 йили вилоятда 13 нафар бола автоҳалокатлар боис вафот этган.   

Бу мавзуда сўз юритиб, кимнингдир дилини хира қилишни кўзда тутмаганмиз. Ниятимиз бошқаларни хушёрликка ундаш. Демоқчи бўлганимиз, қоидаларга амал қилинг, йўлларда ҳаракатланаётганингизда ўзгаларга ҳурмат билан муносабатда бўлинг. Шунда ҳаммаси жойида бўлади.       

 

Аббос ДАДАШОВ

Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ инспектори, сафдор.

 

Text to speech