7 Март 2025 йил 1175

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилди

Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимларининг осойишталикни таъминлашга қаратилган фаолияти, хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди. Очиқ мулоқотда журналистларнинг саволларига Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жавоб қайтарди.

Оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, ташкилот ва корхоналарнинг ахборот хизматлари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида уюштирилган матбуот анжумани аввалида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров фуқаробай ва хонадонбай ўрганиш орқали аҳоли муаммоларига ечим топиш, содир этилган жиноятларни омма иштирокида муҳокама қилиш, маҳалла еттилигининг қонунбузарликлар профилактикаси борасидаги масъулиятини кучайтириш борасида белгиланаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритди.

Шунингдек, нотиқ давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қилинаётган ва режадаги ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берди. Чунончи, вилоятдаги 309 та маҳалладаги криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятларнинг олдини олиш бўйича йўл харитаси тайёрлангани ва мазкур харитада белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини назорат қилиш мақсадида идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳлари ташкил қилинганлигини баён қилди.

Ўз навбатида, криминоген вазияти оғир бўлган 63 та маҳалланинг ҳар бирига ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан масъуллар бириктирилган. Худди шундай, вилоятда 312 та намунавий хавфсиз кўча ва йўлакларни ташкил қилишга қаратилган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилаётгани билдирилди.

Бу кўча ва йўлакларда фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун ҳамма шароитлар яратилиши, бинобарин, ободонлаштирилиши, ёритилиши, кузатув камералари назоратига олиниши маълум қилинди. Умуман олганда, йил якунига қадар вилоятдаги маҳаллаларга 6 минг 440 та кузатув камералари ўрнатиш режалаштирилган. Мазкур қурилмаларнинг 1180 таси айланувчи, 1 минг 360 таси юз ва авторақамларни таниш хусусиятига эга бўлади.

Қолаверса, муқаддам судланганлар, маъмурий назорат остидагилар, жазони очиқда ўтаётган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш, ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилиш чоралари кучайтирилади.

Тадбирда вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Иброҳимов ҳам сўзга чиқди. Анжуман давомида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди. Тадбир якунида ички ишлар органлари билан фаол ҳамкорлик қилаётган бир гуруҳ журналистларга 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан совғалар топширилди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.


Text to speech