25 Октябр 2021 йил 1329

Юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш асосий вазифамиз

Инсон ҳаётдан қониқиб яшаши учун жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлиши, унинг сиёсий эркинликлари таъминланиши, ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланиши, шунингдек иқтисодий эҳтиёжлари қондирилиши зарур. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шу мақсадларга қаратилган, десак адашмаймиз.   

Айниқса, сўнгги йилларда ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш борасида белгиланаётган чора-тадбирлар жамиятимиз ҳаётида янгиланишлар даврини бошлаб берди. Таъкидлаш керак, бу ўзгаришлар ҳурматли Президентимиз Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида элни рози қилиш, давлат органларининг халқ хизматида бўлишга оид сиёсатлари асосида юз бераётир.

Мазкур эврилишларга монанд тарзда ички ишлар органлари тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Чунончи, соҳага оид икки юздан ортиқ фармон ва қарорлар ҳамда меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, фаолиятимизнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Шунингдек, ходимларнинг интелектуал ва жанговар салоҳиятини ошириш, хизмат шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар бажарилди.

Айтиш жоиз, ички ишлар органларининг мақсад ва вазифалари ҳам моҳиятан ўзгарди. Яъни мамлакатимиз раҳбари талабига мувофиқ соҳа вакилларининг асосий эътибори қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилмоқда. Айни мақсадда “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон”, “Хавфсиз ҳовли” тамойиллари ҳаётга тадбиқ этилиб, маҳаллабай ишлаш ва уйма-уй юриш орқали профилактик тадбирлар изчилик билан амалга ошириляпти.

Аҳоли билан мулоқотлар ҳамда криминоген вазиятни таҳлил қилиш орқали маҳаллалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга ажратилиб, қонунбузарликларнинг олдини олишга қаратилган мос тадбирлар белгиланаётир. Аҳоли тўпланадиган жойлар, корхона ва муассасаларга видеокузатув қурилмалари ҳамда йўлларга назорат ускуналари ўрнатилаётгани профилактика борасида яхши натижа бераётир.

Мавзуга Жиззах вилояти ички ишлар органлари фаолияти мисолида ёндашадиган бўлсак, қуйидагиларни эътироф этиш мумкин. Жумладан, 2017-2021 йилларда Жиззах вилоятини жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Жиззах шаҳри ва Зомин тумани ички ишлар бўлимлари ўрнида бошқармалар юзага келтирилиб, улар таркибида 4 тадан ички ишлар бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Умуман олганда, бу даврда шаҳар ва туманлар ИИБлари таркибидаги ички ишлар бўлимлари сони 5 тадан 16 тага кўпайди. Натижада ҳар бир бўлим томонидан 35-40 минг нафар фуқарони қамраш имкони пайдо бўлди.

Шунингдек, ўтган 5 йил давомида вилоятда профилактика инспекторларининг сони 54 фоизга, яъни 203 нафардан 312 нафарга ошди.  Хусусан, криминоген вазият ва аҳоли зичлигидан келиб чиқиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан 38 та профилактика инспектори штати жорий этилди. Пировардда ҳар бир маҳалла ўз профилактика инспекторига эга бўлди.

Қолаверса, улар учун 256 та хизмат уйларининг барпо этилиши ҳамда  узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида 288 та автоулов билан таъминланганлиги фаолият самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, республикамиз Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 49 нафар олий ноюридик маълумотга эга бўлган профилактика инспекторлари Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиалида қайта тайёрлаш сайёр курсларини тамомлади.

Худди шундай, 19 та таянч пунктлари барпо этилиб, улар сони 165 тага етказилди. Шахсий таркибда ҳам айрим ўзгаришлар юз берди. Чунончи, шаҳар ва туманлардаги ички ишлар бўлимларида хотин-қизлар муаммолари билан ишлайдиган аёл инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди. Ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш учун 46 нафар инспектор психологлар хизматга олинди.

Таъкидлаш керак, соҳада замонавий ахборот ва алоқа воситаларининг кенг қўлланилаётганлиги хизмат натижадорлигини оширмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу даврда жиноятлар бўйича хабарларни қайд қилишнинг “102” автоматлаштирилган тизими жорий этилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва йўл ҳаракати қонунбузарликларига оид баённомалар электрон шаклда расмийлаштирила бошланди. Йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимлари 188 та бодикамера ҳамда ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи планшетлар билан таъминланди.

Йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш учун 23 та радар ва 97 та видеокамералардан фойдаланилмоқда. Шулардан 16 таси стационар, 7 таси кўчма фото ва видеорадарлардир. Транспорт воситаларининг тезлигини автоматик тарзда аниқловчи мазкур қурилмалар ягона ахборот-компьютер тизимига уланган. Жорий йилнинг ўтган даврида тезлик оширилиши билан боғлиқ 85 мингга яқин қонунбузарликлар аниқланганлиги инобатга олинса, ушбу ускуналарнинг йўл-улов ҳодисаларининг олдини олишдаги аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас.

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2019 йилнинг 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида республикамиз Президенти халқ таълими тизими билан ҳамкорликда ўрта умумтаълим мактабларида йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналарини ташкил этиш ва бу соҳани алоҳида фан сифатида ўқитишни йўлга қўйиш борасидаги топшириғи асосида Жиззах шаҳрида 30 та, Арнасой туманида 6 та, Шароф Рашидов туманида 2 та, Мирзачўл ва Зомин туманларида 1 тадан мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ташкил этилди. Бу тадбир йўлларда болалар иштирокида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда қўл келаётир.   

Бу йўналишдаги қонунбузарлик ва жиноятларга йўл қўймаслик, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг хушёрлигини ошириш мақсадида мобиль тарғибот автомобили ҳамда “Эзгулик патрули” фаолияти йўлга қўйилган. Ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботи куни” доирасида ўқув муассасалари, ташкилот ва корхоналарда суҳбатлар уюштирилмоқда. Кўчаларда эса видеокузатув қурилмаларидан кенг фойдаланиляпти. Хусусан, ички ишлар бўлимларидаги 19 та ситуацион марказга 680 та видеокузатув мосламалари интеграция қилинди. Дарвоқе, Жиззах шаҳридаги барча ўрта умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари кузатув камералари назоратига олинган.

Худди шундай, бугунгача ички ишлар органларининг 169 та маъмурий биноси ҳамда 139 та таянч пунктига оптик толали тармоқлар тортилди. Алоқа сифати ва интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бу тадбир фуқаролар ҳамда шахсий таркибнинг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш омилига айланди. Жумладан, маъмурий ишларга оид судларда масофадан туриб, онлайн тарзда иштирок этиш амалиёти қўллана бошланди.

Шунингдек, фуқаролар интернет орқали соҳа вакилларига ариза йўллаш, мазкур мурожаат бўйича қилинаётган ишларни кузатиб бориш ҳамда масъул ходимнинг фаолиятига баҳо бериш имконига эга бўлишди. Қолаверса, тегишли ходимлар учун қидирувдаги шахслар, муқаддам судланганлар, пробация хизмати назорати остида турганлар, суд материаллари ҳамда автотранспорт воситаларига оид маълумотларни алоқа воситалари орқали олиш шароити яратилди.

Жиззах вилояти ички ишлар органлари тергов тизимида ҳам замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан унумли фойдаланилмоқда. Жумладан, тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмаларида тергов ва процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган 50 та хизмат хоналари тасвирга олиш ва овоз ёзиш қурилмалар билан таъминланди. 27 та ички ишлар органлари маъмурий биноларидаги барча сўровхоналари ҳам ана шундай ускуналарга эга. Мазкур қурилмаларнинг 19 таси республика Ички ишлар вазирлигининг тегишли хизмати билан интеграция қилинган.

Вилоят ички ишлар органларига қарашли махсус муассасаларда фойдаланилаётган автоуловларнинг барчаси GPS ва видеокузатув қурилмалари билан жиҳозланди. Бу мақсадда вилоят ҳокимлиги кўмагида 18 дона GPS ва 54 дона видеокузатув ускуналари, 20 дона монитор, 2 дона махсус процессор ва зарурий эҳтиёт қисмлар олинди. Ушбу назорат воситалари айбланувчи ёки гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла таъминлашда омил бўлмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2017-2021 йилларда Жиззах вилояти ички ишлар органлари республика ИИВ томонидан “Lacetti”, “Nexia”, “Damas”, “Isuzu”, “Тигр”, “Jino” каби 176 та автотранспорт воситалари билан таъминланди. Шунингдек, Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан 2 та автомашина ажратилди. Бу йилларда ички ишлар органларига қарашли 40 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Айни кунларда эса Ғаллаорол, Дўстлик, Пахтакор туманлари ички ишлар бўлимлари, вилоят ИИБ тиббиёт бўлими ҳамда вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ биноси капитал таъмирланаяпти. Қисқаси, олиб борилаётган бунёдкорликлар ички ишлар органлари биноларини замонавий кўринишга киритиш билан бирга хизмат шароитларини қулайлаштирмоқда.

Тизимнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган бу каби тадбирларга уйғун тарзда ходимларнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар салоҳиятларини кучайтириш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга астойдил киришилган. Чунончи, Шароф Рашидов туманида жойлашган ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг босқичма-босқич таълим олиши йўлга қўйилди. Бу ерда уларга ҳуқуқий билимлар берилиб, жанговар ва саф тайёргарлиги машқлари ўтказилаяпти. Худди шундай, тактик, ўқ отиш, қўл жанги машғулотлари белгиланган режалар асосида уюштирилмоқда.

Ҳар бир ички ишлар органлари биносида кутубхоналар юзага келтирилган. Мунтазам ташкил этилаётган маънавият ва маърифат дарслари, эрталабки йўриқномалар ҳамда илм аҳли билан учрашувларда шахсий таркибнинг сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириш чоралари кўриляпти. Шу билан бирга кўрик-танлов, мусобақа ва беллашувлар ўтказилиб, илғорлар рағбатлантирилмоқда. Ходимларнинг уй шароитларини ўрганиш, уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиш асносида хизмат натижадорлигига таъсир қилувчи салбий омиллар бартараф қилинаётир.  

Ўз навбатида булар ҳаммаси халқ манфаатларини яққолроқ ифодалашимизга асос бўлаяпти. Чунончи, фаолиятимизда инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш тобора устуворлик касб этиб, рақам ва фоизлар ортидан қувиш иллати барҳам топаётир. Эришилаётган натижалар ҳам шунга яраша. Жумладан, 2017 йилни 2021 йил билан қиёслаганда ижтимоий хавфли жиноятларни фош этиш 61,1 фоизга ошган. Вилоятда жиноятдан холи маҳаллалар сони эса 26 фоиздан 54,2 фоизга етказилди.

Шунингдек, соҳа вакиллари секторларда фуқароларнинг ижтиомий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва турмуш маданиятини ошириш борасида фаоллик кўрсатишяпти. Демоқчи бўлганимиз, ҳурматли Президентимизнинг “Ватанга ва халққа садоқат  билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” деган жумласи бугун ҳар бир ички ишлар органлари ходимининг ҳаётий шиорига айланди.

Шу маънода, соҳа вакиллари Янги Ўзбекистонни қуриш, учинчи ренесанс пойдеворини барпо этишда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатларини ишончли ҳимоялаш орқали ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.     

 

Ғайрат ҚОДИРОВ,

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал майор.

Text to speech