Камчиликлар аниқланиб, уларни йўқотиш чоралари белгиланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси вакиллари томонидан ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимларининг жорий йил январь ва февраль ойларидаги фаолияти ўрганиб чиқилди. Айни кунларда ана шу ўрганиш натижалари жойларда муҳокама этилмоқда. Чунончи, Дўстлик тумани маданият марказида бўлиб йиғилишда вилоят ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарлари ҳамда Дўстлик тумани ички ишлар бўлими шахсий таркиби иштирок этди.
Танқидий руҳда ўтган тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди. Сўз олганлар томонидан тезкор-қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тергов, ҳуқуқий-статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар йўналишларида йўл қўйилган камчиликлар тилга олинди.
Мазкур жараёнда туманда содир этилган жиноятлар, уларни фош этиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, ошган жиноят турларининг сабаб ва омиллари, қайта жиноятлар ҳамда жиноятларни аниқлаш борасидаги натижалар, қидирувдаги шахсларни қўлга олиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ижро интизомини таъминлаш, ҳужжатларни юритиш, “қизил” ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, соҳавий хизматларнинг иш режалари, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш, шахсий таркибнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш мақсадида ўқув машғулотлари уюштириш ҳамда ходимлар хизмат фаолиятини ўрганишга эътибор қаратилди. Йиғилишда Дўстлик тумани ички ишлар бўлими масъулларининг аниқланган камчиликларни бартараф этишга оид ҳисоботлари тингланди.
Худди шу мазмундаги тадбир Мирзачўл тумани ҳокимлигида ҳам бўлиб ўтди. Туман ички ишлар бўлими фаолияти таҳлил этилар экан, одам савдосига қарши курашиш, экстремистик ташкилотлар аъзоларини аниқлаш, хориждан қайтганларни иш билан таъминлаш, профилактик ҳисобда турган шахслар билан профилактик тадбирлар олиб бориш, жазо муассасаларидан қайтганларни ижтимоий мослаштириш, уларни ҳамда пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар бандлигини таъминлаш, жазони очиқда ўтаётган маҳкумлар ўртасида профилактик тадбирлар ўтказиш, бу борада соҳавий хизматлар ҳамкорлигини кучайтириш йиғилганлар диққат марказида бўлди.
Бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи шарт-шароитларни яратиш, мазкур йўналишда тарғиботлар ўтказиш, йўлларда қоидабузарликларнинг олдини олиш, замонавий электрон технология ва воситалардан фойдаланиш, суриштирув ва тергов ҳаракатлари сифатини ошириш бўйича тўхталиб ўтилди. Хизмат шароитлари билан боғлиқ камчиликлар ҳам баён қилинди. Ўз навбатида нуқсон ва муаммолар бўйича Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими масъулларининг ҳисоботи эшитилди. Якунда камчиликларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди.