2 Май 2025 йил 871

Фаолият таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида жиноят қидирув, жамоат хавфсизлиги хизмати, маънавий-маърифий ишлар тизимлари ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва ўринбосарлари иштирокида видеоселектор йиғилиши ташкил этилди. Бошқарма бошлиғи раислигида ўтган тадбирда соҳа вакилларининг жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти таҳлил қилинди.

Мазкур жараёнда Ички ишлар вазирининг 2025 йил 9 апрелдаги “Хавфсиз ва Соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирларини самарали ташкил қилиш, хусусан, криминоген вазиятга салбий таъсир этувчи шахсларни аниқлаш ва уларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларига чек қўйиш, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар савдоси, кўча безорилиги, гуруҳ бўлиб жиноятга қўл уриш, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ноқонуний сақлаш каби қонунбузарликларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, бу йўналишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ички ишлар органлари органлари ва соҳавий хизматлар раҳбарларига топшириқлар берилди. Шунингдек, йиғилишда “Қорадори - 2025” тезкор тадбирларини ўтказиш, қидирув ишини ташкил этиш, объектларга юзни таниб олувчи кузатув камераларини ўрнатиш ҳамда қурилмаларни “Қалқон” платформасига интеграция қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, “Е-материал” тизимига материалларни киритиш, юритувдаги иш ҳужжатлари ва аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш, жиноят иши қўзғатилиши борасидаги вазифаларига совуққонлик билан ёндашаётганлар танқид остига олинди ва камчиликларни бартараф этиш муддатлари белгиланди. Йиғилишда бир қатор мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Якунда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.


Text to speech