26 Июл 2024 йил 2039

Ярим йиллик фаолият муҳокама қилинди


 

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида соҳа вакилларининг жорий йилнинг биринчи ярмидаги фаолияти таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ҳамда ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари, шунингдек, соҳавий хизматлар бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари иштирокида, видеоалоқа шаклида ташкил қилинган тадбирни вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.

Муҳокама давомида шу йилнинг биринчи ярмида вилоятдаги 309 та маҳалланинг 205 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, қизил тоифадаги маҳаллалар сонини 48 фоизга камайтиришга эришилгани қайд этилди. Шунингдек, оғир тан жароҳати етказиш жинояти 20 фоизга, безорилик жинояти 27 фоизга, ўлим билан боғлиқ йўл-улов ҳодисалари 8 фоизга, ўртача тан жароҳати етказиш 22 фоизга камайган.

Худди шундай, Наманган тажрибаси асосида Жиззах шаҳридаги 16 та, Шароф Рашидов туманидаги 9 та маҳалла криминоген вазиятига кўра 8 та микроҳудудга ажратилиб, яшил тоифадаги маҳаллаларда фаолият юритаётган 25 нафар профилактика инспекторлари ҳамда 13 та автопатруль, 3 та пиёда патруль гуруҳлари 6 ой муддатга ушбу ҳудудларга хизматга жалб қилингани ижобий самарасини берганлиги билдирилди. Жумладан, ўтган йилларда “қизил” тоифада бўлган маҳаллаларнинг 16 тасида жиноят рўй бермаган. Умумий жиноятлар сонини 21 тадан 13 тага камайтиришга эришилган.

Аммо Зарбдор, Мирзачўл, Фориш, Зомин, Шароф Рашидов туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида айрим турдаги жиноятлар ошишига йўл қўйилган. Шу маънода мазкур ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқларининг йўл қўйилган камчилик ва нуқсонларга оид изоҳлари тингланди. Тадбирда хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигига эришиш, пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар билан профилактик тадбирларни амалга ошириш, оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш, 3- сектордаги маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ҳал қилишга оид масалалар ҳам муҳокама этилди.

Якунда мавжуд камчиликларни бартараф этишга оид чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга топшириқ ва вазифалар юкланди. Йиғилишда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Зуфар Қурбонов қатнашди. 

Text to speech