Кинология бўлинмалари ходимларининг анъанавий кўпкураш мусобақаси ғолиблари аниқланди
Жиззах вилоятида ички ишлар органлари кинология бўлинмалари ходимларининг анъанавий кўпкураш мусобақаси бўлиб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда ИИВ қоровул қўшинлари кинология бўлинмалари ходимлари иштирокида уюштирилган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда ИИВ жамоат хавфсизлиги департаментининг жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, подполковник Отабек Шарипов сўзга чиқди.
Нотиқлар мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, ходимларнинг самарали фаолияти учун яратилаётган имконият ва шароитлар, шунингдек кинологларнинг жиноятларни фош этишдаги ўрнига тўхталдилар. Жорий йилнинг ўтган даврида ички ишлар органлари кинологлари ўз хизмат итлари ёрдамида 2400 дан ортиқ жиноятни фош қилганликлари, бу жараёнда 84 килограмм наркотик моддалар олингани маълум қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мусобақада ҳар бири 3 нафар кинолог ва 3 та хизмат итидан таркиб топган 15 та жамоа иштирок этди. Қизғин кечган баҳслар давомида жониворларнинг буйруқларга бўйсуниш, из қидирув, тўсиқлардан ўтиш, гиёҳвандлик ва қурол-яроғларни топишга оид салоҳияти синовдан ўтказилди.
Ўз навбатида иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларини Ички ишлар вазирлигининг 5 нафар малакали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди. Мазкур жараёнда хизмат итларининг буйруқ ва вазифаларни аниқ ва қисқа муддатларда бажаришига эътибор қаратилди. Таъкидлаш керак, айрим топшириқларни уддалаш осон кечмади. Хусусан буйруқлар бажарилиши учун кинолог ортиқча сўз ёки ишора ишлатмаслиги лозим эди. Худди шундай, хизмат ити 10 киши орасидан муайян буюм эгасини 3 дақиқа ичида топиши зарур бўлди.
3 кун давом этган мусобақа якунида тантанали маросим уюштирилиб, ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Натижаларга келадиган бўлсак, 1- ўринни мезбонлар жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни Навоий ва Самарқанд вилоятлари жамоалари қўлга киритди. Учинчи ўрин ИИВ қоровул қўшинлари ҳамда Тошкент шаҳри вакилларига насиб этди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.