Кинологлар беллашуви давом этмоқда
Аввал хабар берганимиздек Жиззах вилоятида ички ишлар органлари кинология бўлинмалари ходимларининг анъанавий кўпкураш мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ҳамда ИИВ қоровул қўшинлари кинология бўлинмалари ходимлари иштирокида уюштирилган мусобақанинг 3- куни мусобақа қатнашчилари хизмат итлари ёрдамида тўсиқлардан ўтиш ва биатлон шартларини бажардилар.
Тўсиқлардан ўтиш шартида хизмат итларининг эпчиллиги ва буйруқларни мукаммал бажаришлари синовдан ўтказилди. Биатлон баҳслари эса ходимлар ҳамда уларнинг ишончли ёрдамчиларининг саботини текширишга хизмат қилди, десак хато бўлмайди. Жумладан, мусобақа қатнашчилари қирликлар орасидан ўтган 3 километру 200 метр йўлни чопиб ўтишларига, шунингдек 2 марта тўппончадан нишонларга ўқ узишларига тўғри келди. Бунинг учун уларга 10 дона ўқ ажратилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мусобақада ҳар бирининг таркибида 3 нафар кинолог ва 3 та хизмат ити бўлган 15 та жамоа иштирок этмоқда. Мазкур кўпкурашнинг ёпилиш маросими эртага бўлиб ўтади. Тадбирда одатдагидек ғолибларни тақдирлаш кўзда тутилган.
Айтганча, бугун мусобақа қатнашчиларининг Шароф Рашидов музейига саёҳати ташкил этилди.