15 Июн 2023 йил 661

Кинологлар болажонлар ҳузурида

Жиззах вилояти ИИБга қарашли “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳида болажонларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар уюштирилмоқда. Навбатдаги тадбир вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ кинология бўлинмаси ходимлари томонидан ташкил қилинди.

Тадбир аввалида ўғил-қизларга ички ишлар органларининг тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва унинг олдини олиш, бу борада кинология бўлинмаси ходимлари ва хизмат итларининг вазифалари хусусида маълумот берилди. Шу билан бирга хизмат итларини парваришлаш, жараёнда уларни из қидириш, гиёҳванд ва портловчи воситаларни қидириб топиш, объектларни қўриқлаш, жиноятчиларни тутиш, жамоат тартибини сақлашга оид кўникмаларини оширишга қаратилган машғулотлар олиб борилиши тушунтирилди.

Шу куни кинологлар хизмат итлари ёрдамида умумий ва махсус курс йўналишлари бўйича кўргазма намойиш этишди. Хусусан, хизмат итларининг буйруқларни бажариши, из олиш, гиёҳвандлик воситаларини қидириб топиш кўникмалари кўрсатиб берилди.

Тадбир давомида оромгоҳ дам олувчилари соҳа вакиллари ва уларга бириктирилган хизмат иларини парваришлаш, уларни хизматга ўргатишга оид саволларига жавоб олишди. Қисқаси кўргазмали тадбир болажонларга кўтаринки кайфият улашди.

Text to speech