Китоблар тақдимоти ўтказилди
ИИВ Жиззах академик лицейида ИИВ Бирлашган таҳририяти ижодий жамоаси томонидан тайёрланган “Кадрлар хизмати фидойилари” ҳамда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти ташаббуси билан ёзилган “Тергов хизмати фахрийлари” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Жиззах вилояти ИИБ, соҳавий хизматлар ходимлари, фахрийлар ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари иштирокида ўтган тадбирда ИИВ таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси бош мутахассиси, юридик фанлар доктори, истеъфодаги полковник Абдуғофур Сатторов, ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, полковник Бернора Садикова сўзга чиқиб, ушбу китобларнинг ички ишлар органлари ходимларининг ватанпарварлик туйғусини, билим ва касбий кўникмаларини оширишдаги аҳамияти тўғрисида тўхталдилар.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов ҳамда Абдуғофур Сатторовнинг “Ортда қолган таҳликали кунлар” номли китоби ҳақида маълумот берилди. Мазкур жараёнда ИИВ томонидан ички ишлар органлари ходимларининг маънавияти, хусусан китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида белгиланаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр юритилди. Йиғилишда фахрий ходимлар тажрибасидан кенг фойдаланиш юзасидан ҳам мулоҳазалар билдирилди. Тадбир давомида бир гуруҳ фахрийларга Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлари, шунингдек, ИИВ таркибий бўлинмалари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар ходимлари бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга пойтахтлик меҳмонлар Жиззах вилояти ИИБ ҳамда ИИВ Жиззах академик лицейи кутубхоналарига Алишер Навоий асарлари ва “Кадрлар хизмати фидойилари” китобларини ҳадя қилдилар. Якунда иштирокчилар ИИВ ташаббуси билан чоп этилаётган асарлар юзасидан ўз қарашларини баён этишди.
Азим ТИЛОВОВ,
Жиззах вилояти ички ишлар ходимлари
бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг раиси,
подполковник.