Кўҳна шаҳарга саёҳат
Ички ишлар вазирлигининг кўрсатмаси асосида Жиззах вилояти ИИБ томонидан бир гуруҳ фахрийларнинг Самарқандга саёҳати ташкил этилди. Саёҳат Хожа Дониёр зиёратгоҳидан бошланди.
Қайд этиш жоиз, рўйи замин сайқали Самарқандда жуда кўп тарихий масканлар бўлиб улар орасида Хожа Дониёр мақбараси ўз хусусияти билан ажралиб туради. Бу тарихий маскан уч дин вакиллари учун ҳам муқаддас зиёратгоҳ саналади. Бундай табаррук бўлган масканлар дунёда кам учрайди ва мамлакатимиз сарҳадларидаги энг ноёб мақбаралардан бири саналади. Тадбир давомида зиёратчиларга Ҳазрати Дониёрнинг ҳаёти, мазкур мақбаранинг қурилиши, истиқлол йилларида олиб борилаётган бунёдкорликлар маълум қилинди. Шунингдек, қуръон оятларидан ўқилиб, ўтганлар ёд этилди.
Шундан сўнг саёҳатчилар Ҳазрати Ҳизр мажмуасидаги биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Қуръон оятларидан ўқилиб, ёдгорлик мажмуасида амалга оширилган бунёдкорликлар билан танишишди. Кейинги манзил Гўри Амир мақбараси бўлди.
Ушбу мақбара жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилади. 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг вафот этиши муносабати билан бошланган мақбара қурилиши Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган.
Таъкидлаш жоиз, Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона қиёфаси, ноёб тарихий обидалари, бой маданий муҳити билан дунё аҳлини лол қолдириб келган. Яқинда қуриб битказилган “Боқий шаҳар” мажмуасида ҳам қадим ва навқирон Самарқанднинг кўп асрлик тарихи жамланган. Мажмуада миллий ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги чойхоналар, Чорсу шарқ бозори, миллий либослар галереяси, кутубхона каби объектлари саёҳатчилар диққатини тортди. Бундан ташқари фахрийлар Самарқанд халқаро аэропортида ҳам бўлишди. Қайд этилишича, 2019 йилда ушбу мажмуада бошланган қурилиш ишлари давомида аэровокзал биноси, аэродром комплекси тўлиқ қайта қурилди. 4 қаватли аэровокзал биноси Мирзо Улуғбекнинг “Зижи Жадиди Кўрагоний” китобидан илҳомланиб очиқ китоб шаклида бунёд этилган. Қисқаси шу куни фахрийлар Самарқанддаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш билан бирга сўнгги йиллардаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиб қайтишди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати