25 Август 2023 йил 1043

Кўнгилларга қувонч улашиб

Пахтакор тумани Олмазор маҳалласида истиқомат қилувчи ёлғиз она Нурхон Яллабоевнинг бугун қалби қувончга тўлди. Боиси ички ишлар органларида хизмат қилган марҳум фарзандининг ҳамкасблари муаммоасини ҳал этишда кўмакдош бўлмоқда. Улар ҳашар йўли билан яшаш уйини соз ҳолатга келтириш ва атрофни обод қилиш ишларини бошлаб юборишган. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу бунёдкорликнинг бориши билан танишди. Мутасаддилар билан суҳбатлашиб, зарур тавсия ва кўрсатмаларини берди.

Айтиш жоиз, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганиш чоғида онахоннинг яшаш уйи том қисми яроқсиз ҳолга келганлиги маълум бўлди. Ҳозирда шиферни алмаштириш ишлари жадал олиб борилаяпти. Бундан ташқари бинонинг ташқи қисми тўлиқ таъмирланиб, йўлаклар бетонлаштирилади.

Ички ишлар органлари ходимларининг эзгу ташаббуси Мустақилликнинг 32 йиллик байрамига қадар тугалланиши режа қилинган.

Text to speech