Конституция - бахтимиз қомуси
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида маънавий-маърифий тадбирлар қатори очиқ дарслар ҳам ташкил этилмоқда. Навбатдаги очиқ дарс учинчи босқич ўқувчиларига “Ҳуқуқшунослик” фанидан ўтилди. “Конституция бахтимиз қомуси” мавзусидаги дарс давомида педагог Озод Саъдуллаев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги устувор йўналишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклаш, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлиги ҳамда оилада мустаҳкам муҳитни таъминлаш, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона фойдаланишини белгилаб бериш, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилаш каби эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилганлиги қайд этилди.
Шундай очиқ дарс Озода Олимова томонидан ҳам ўтилди. Биринчи босқич ўқувчилари учун ташкил этилган тадбирда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда Падаркуш асари хусусида сўз борди.
Шу куни лицейда китоб ярмаркаси ҳам уюштирилди. Тадбирда ўқувчилар ва педагог жамоа миллий, жаҳон адабиёти дурдоналари, илмий нашрлар ҳамда ҳуқуқий китоблар билан танишиш ва ҳарид қилиш имконига эга бўлдилар.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати