Коррупциясиз соҳада адолат ва ривожланиш бўлади
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш иммунитети шакллантиришга қаратилди.
Таъкидлаш жоиз, ҳали-ҳануз жамиятимизда коррупция энг катта муаммолигича қолмоқда. Уни ҳамма соҳада учратяпмиз. Энг ёмони, кимгадир пул бериб ишини битиришни «Ҳа, энди ўзбекчилик-да», деб оқлайдиганлар ҳам учрайди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ўтган маънавий-маърифий тадбирда Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси Ёрқин Туропов “Коррупциясиз соҳада адолат ва ривожланиш бўлади” мавзусидаги маърузасида шу ҳақда сўз юритди.
Нотиқ ўз сўзида баъзи кишилар қонунни қатъийлаштириб, жазони кучайтириш, айримлари эса унга қарши курашни оиладаги тарбиядан бошлаш, ҳалол-ҳаромнинг фарқини болаликдан уларнинг онгига сингдириш зарурлигини, ислом динида ҳам порахўрлик, тамагирлик қораланганлигини айтиб ўтди.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ҳам коррупцияга қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, бу иллатни йўқотиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш устувор вазифага айланган. Ҳалолликни шиор қилган кўплаб ходимлар коррупцион ҳолатлар, пора бермоқчи бўлаётган шахслар ҳақида хабар бериб, касбига содиқлигини амалда намоён этишётгани йиғилишда таъкидланди.
Бундан ташқари ўтган 2021 йилда вилоят ҳудудида йўл қўйилган коррупцион ҳолатлар таҳлили маълум қилиниб, коррупциясиз жамиятни яратишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукуматни кенг жорий этиш ҳам яхши самара бериши қайд этилди.
Йиғилишда Жиззах шаҳар аҳоли саломатлигини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Матлуба Абусатторова соғлом турмуш тарзига риоя этиш, жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш саломатлик гарови эканлиги хусусида тўхталди.
Маънавий-маърифий тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси ҳарбий сафарбарлик бўлими бошлиғи подполковник Дониёр Қоражоновга Республика Президентининг фармонига асосан “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 30 йил” эталик нишони ҳамда бир гуруҳ ходимларга навбатдаги махсус унвонлар тантанали равишда топширилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати