Кўтарилган муаммолар ҳал этилмоқда
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодировнинг 7 октябрь куни Арнасой туманида ўтказган сайёр қабулида ҳудуддаги “Бобур”, “Ғолиблар”, “Ғафур Ғулом”, “Олтин водий”, “Гулбаҳор”, “Чўлқувар”, “Тошкент” маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан қатор муаммолар кўтарилган эди.
Баён этилган ҳар бир масала мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, уй-жойини таъмирлаш, қулай шароит яратиш бўйича мурожаатлар қабулдан сўнг ишчи гуруҳи томонидан жойига чиқиб ўрганилган.
Бугун эса ушбу масалалар бартараф этилмоқда. Хусусан, Гулбаҳор маҳалласида истиқомат қилаётган Раъно Исмоилованинг яшаш уйи том қисмини таъмирлаш бўйича масаласи ижобий ечим топди. 3- сектор томонидан 80 дона шифер, 15 та страпила, 200 метр рейка ҳамда бошқа зарур қурилиш ашёлари олиб берилиб, ҳозирда уйнинг том қисмини янгилаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу ишда усталар ва маҳалла аҳолиси яқиндан кўмакдош бўлаяпти. Вилоят ИИБ бошлиғи ушбу ишларнинг бориши билан танишиб, хонадон соҳиблари ва маҳалла фаоллари билан суҳбатда бўлди. Зарур қулайликларни юзага келтириш бўйича масъулларга қўшимча вазифалар юклади.
Худди шундай, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Умид Аҳроровнинг хонадони ҳам маҳалла аҳолиси ва кўнгиллилар билан гавжум. Унинг турмуш ўртоғи Мақсуда Ҳайдарова сектор раҳбарининг сайёр қабулида яшаш уйи том қисмини таъмирлаш бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Шу асосида 3-сектор томонидан бунёдкорлик учун 85 дона шифер, 25 дона страпила ва 205 метр рейка каби керакли қурилиш ашёлари етказиб берилган. Таъмирлаш ишларида қатнашаётган юртдошларимиз, шунингдек ҳовлини обод қилиш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатишаяпти.
Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган ижтимоий уйда яшаётган Латофат Равшанованинг хонадонида ҳам таъмирлаш ишлари авжида. Қайд этиш жоиз, 2 нафар фарзанднинг онаси хоналарни пол қилиш, эшик ва дераза ромлари ўрнатиш, ювиниш хонасини таъмирлаш бўйича қилган мурожаати асосида 3- сектор томонидан керакли қурилиш материаллар олиб берилди. Тез орада ушбу таъмир ишлари якунланиб қулайлик яратилади.
Шу куни 3- сектор томонидан беш ташаббус доирасидаги тадбирлардаги фаол иштироки ҳамда ҳар жабҳада тенгдошларига намуна бўлаётган ёш ижодкор Мадина Муродовага вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси ва совғаси топширилди.
Бундан ташқари, 3- сектор томонидан дошқозонда ош дамланиб, уй-жойларини таъмирлаш ишларида қатнашаётган юртдошларимизга ўзбекона удум бўйича хашар оши тортиқ қилинди.
Қисқаси, 3- сектор раҳбарининг жойларда ўтказган сайёр қабулларида кўтарилган ҳар бир масала масъуллар назоратида бўлиб, ишлаб чиқилган режаси асосида ҳал этилаётир.