3 Феврал 2024 йил 2606

Криминоген вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди

 Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан муҳокама йиғилиши ўтказилди. Секторлар раҳбарлари, мутасадди идора ва ташкилотлар, маҳалла фаоллари иштирок этган йиғилишда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, фирибгарлик билан боғлиқ қонунбузилишлар, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омиллар тилга олинди.

Таъкидланишича, Пахтакор туманида яшовчи вилоят давлат молиявий назорат бошқармаси масъули 2023 йилнинг сентябр ойида Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш юзасидан тафтиш ўтказган. Тафтиш хулосасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини камайтириб кўрсатиш эвазига тиббиёт бирлашмаси ҳисобчисидан ўзининг ҳамкасби орқали 5 минг АҚШ доллари олганлиги аниқланган.

Вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирида фирибгарлик билан боғлиқ яна бир қонунбузарлик фош қилинди. Хусусан, Жиззах шаҳрининг Обод маҳалласида яшовчи давлат унитар корхонаси ҳисобчиси Шароф Рашидов тумани Зиёкор маҳалласида яшовчи фуқародан 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, ушбу пуллардан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Маълум бўлишича, пул талаб қилган шахс жабрланувчининг масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлган қариндошига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Сирдарё вилоят судида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали енгил жазо тайинлатишга ишонтирган.

Йиғилишда бундан ташқари кибержиноятчилик ва унинг турлари, банк пластик карталари билан боғлиқ фирибгарликлар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Шу билан бирга, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, осойишталигини сақлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда жамоат ташкилотлари ва ҳар бир киши масъул эканлиги тушунтирилди.

Text to speech