Кун қаҳрамони: Майор Азизбек Азимов
Майор Азизбек Азимов 1984 йилда Жиззах вилояти Зомин туманида туғилган. 2010 йилда Жиззах политехника институтини тамомлади. Соҳадаги фаолиятини 2004 йилда Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаси ходими лавозимида бошлади. Шундан сўнг Сирдарё ва Жиззах вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. Айни вақтда Жиззах вилояти Зомин тумани ИИОФМБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари.
Азизбек Азимов масъулиятли ва ташкилотчи раҳбар сифатида шахсий таркибда обрў қозонган. Қаерда ишламасин, қонунбузарликларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни фош қилишга қаратилган тадбирларни самарали ташкил этишга интилади. Бугунда бошқарма бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари сифатида ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, уларни мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ички ишлар органлари тизимида кечаётган ўзгаришлар мазмун-моҳиятидан хабардор этиб бормоқда.
Азизбек Азимов шахсий таркибда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни тизимли равишда амалга оширяпти. Чунончи, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, хизмат интизомини бузиш ва қонунга зид ҳатти-ҳаракатларнинг оқибатлари тушунтирилаётир.
Шунингдек, майор ҳамкасбларининг яшаш жойларида бўлиб, уларнинг турмуш шароитлари билан танишмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, соҳанинг айрим вакилларига мураббийлар бириктирилиб, жойи келганда ижтимоий-иқтисодий ёрдам кўрсатилаяпти. Азизбек Азимов ходимларнинг китобхонлик маданиятини ошириш чораларини кўрмоқда. Жумладан, бошқармада китоб ярмаркалари тез-тез ташкил этилади.
У ходимлар ўртасида спорт мусобақалари уюштиришга алоҳида эътибор қаратаётир. Майор ташаббуси билан ҳамкасбларига ибрат бўлаётган ички ишлар органлари ходимлари рағбатлантирилаяпти. Натижада жорий йилда хизмат интизомини бузиш ҳолати кузатилмади.
Азизбек Азимов жиноят қидирув соҳасидаги тадбирларда ҳам фаол. Хусусан, шу йилнинг 8 мартида Зомин туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида содир этилган қотиллик жиноятининг фош этилишига катта ҳисса қўшди. Майорнинг намунали хизмати Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан муносиб рағбатлантириляпти. 2020 йилда эса у Ички ишлар вазирлиги томонидан “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Роstdа” мухбири.
Жиззах вилояти.