Куёвбошида қурилиш бошланди
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани “Куёвбоши” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида ички ишлар органлари ходимлари учун турар жойлар қурилиши бошланди. Шу муносабат билан ИИБ, лойиҳачи ва қурилиш корхоналари вакиллари иштирокида маросим уюштирилди. Тадбир аввалида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров барпо этилишига киришилган илк уйнинг пойдевори устига биринчи ғиштни қўйди.
Сўнг йиғилганлар қурилиш жараёни билан танишдилар. Қурувчилар билан мулоқот давомида турар жойларда яратиладиган имкониятлар, электр, табиий газ, ичимлик суви ва оқова тизимларини юзага келтириш борасида қилинажак ишлар тилга олинди. Маълумот ўрнида айтиш керак, барпо этилаётган 104 та уйнинг ҳар бири 3 хона ва 6 сотих майдонга эга бўлади. Турар жойларни жорий йил 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари кунида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.