Лицейда янги ўқув йили кўтаринки руҳда бошланди
Бугундан юртимиздаги барча таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ҳам шу муносабат билан тантанали тадбир уюштирилди.
Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев барчани истиқлолнинг 30 йиллиги билан муборакбод этди. Шунингдек, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, соҳага етук малакали кадрлар тайёрлашда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи таянч билим даргоҳлардан эканлигини таъкидлади. Ички ишлар органларида хизмат қилишни мақсад қилган ёшларга билим бериш, уларни касбий тайёрлаш, маънавий-ахлоқий фазилатларини мустаҳкамлашда ўз ўрнига эга бўлган лицей ўқувчилари ва педагогик жамоанинг ютуқлари эътироф этилди.
Айтиш жоизки, лицейни ўтган ўқув йилида тамомлаган битирувчиларнинг аксарияти олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Чунончи, 35 нафари Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти бўлди. Тадбирда ётоқхона, ошхона, ахборот ресурс маркази, ўқув хоналарида яратилаётган шароитлар ҳам тилга олинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради ва ўқувчилар минбар олдидан саф тортиб ўтдилар. Илк дарслар “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” мавзусида ўтилди. Ўқитувчилар томонидан истиқлол йилларида қўлга киритилган ютуқлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, халқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган ишлар айтилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказган учрашуви ҳамда “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга берган интервьюси мазмун-моҳияти ҳам тушунтирилди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейида ҳам ўқувчиларнинг таълим олиши учун зарур шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бошқарма бошлиғи ўринбосари билим юртида давом этаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг боришини ҳам кўздан кечирди. Қурувчилар ва масъуллар билан суҳбатда бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.