14 Ноябр 2022 йил 457

Маҳаллаларнинг ички йўллари шағаллаштирилмоқда

Шу кунларда вилоятдаги маҳаллаларнинг ички хўжалик йўлларини шағаллаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу ташаббус 3 ноябрда бошланган эди. Маълум қилинишича, жорий йилда қўшимча равишда вилоятдаги 134 та маҳалланинг қарийб 305 километрга яқин ички хўжалик йўлларини шағаллаштириш режа қилинган. Вилоятнинг Мирзачўл, Арнасой, Зафаробод, Дўстлик, Шароф Рашидов ҳамда Пахтакор туманларига шағал Чимқўрғон карьеридан етказиб берилмоқда. Бу жараёнга кунлик ўртача вилоят автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси ва ободонлаштириш бошқармаларининг 60 та юк автомашиналари жалб этилган. Шағаллар 2 та махсус техникалари ёрдамида техникаларга юкланмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур карьердан бугунга қадар Пахтакор туманига 145, Мирзачўлга 77, Зафарободга 125, Арнасойга 81, Дўстликка 105 ва Шароф Рашидов туманига 107 та жами 460 та автомобилда шағал юборилди. Йўлларда автомашиналарнинг ҳаракатланиши вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан назорат қилиниб, ҳайдовчиларга доимий йўриқномалар бериб борилади. Бу ўз навбатида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш имконини ҳам бермоқда.

Пешма-пеш етказилган шағал махсус техникалар ёрдамида текисланмоқда. Биргина Зафаробод туманида бир кунда 3 километрга яқин кўчаларга шағал ётқизилаяпти.

Маҳаллалардаги ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ва соз ҳолатга келтириш юзасидан кўрилаётган чоралар инфратузилмани яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш имконини беради.

Text to speech