28 Сентябр 2023 йил 1704

Маҳалламиз 3- секторда жойлашган

Охирги йилларда маҳалламизда электр, сув, газ таъминоти яхши эмас эди. Йўллар ҳам чарчаб қолганди. Қишлоғимиз кичиклиги ҳамда чеккада жойлашгани учун ҳеч ким эътибор бермаяпти, деган хулосага келгандик. Юртимизда ислоҳотлар бошлангач, маҳалламизда ҳам ўзгаришлар бўлишига инона бошладик. Бу ишончни бизда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи уйғотган.

3- сектор раҳбари маҳалламизда илк сайёр қабулини ўтказишини эшитганимизда Ғайрат Қодировни илгари кўрмаганлигимиз учун мазкур тадбирга бироз шубҳа билан бордик. Аммо вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳаммамизда илиқ таассурот қолдирди. Гапимизни диққат билан эшитди. Қўлидан келадиган ишларни бажаришга ваъда берар, қийинроқларига муддат сўрарди. Самимий, очиқ юзли бўлгани учунми, ҳар бир сўзига инондик.

Кўп ўтмай маҳалламиз янгилана бошлади. Жумладан, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида узунлиги 15 ва эни 25 метрлик 4 та кўприк қурилди. Ҳамқишлоқларимиз ҳам бу ҳашарда қатнашдилар. Натижада маҳалламиздаги 3 та қишлоқ аҳолисининг узоғи яқин бўлди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари ёнилғи ажратиш ва техника жалб қилиш йўли билан 6,8 километр узунликдаги кўчаларимизга шағал ётқизилишига сабабчи бўлдилар. Шу йўл битгунча 3- сектор раҳбари 5-6 марта келди.

Кейин маҳалламизда турли дастурлар асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бошланиб кетди. Жумладан, 1,5 километр йўлимизга бетон, 800 метрига эса асфальт ётқизилди. 140 та бетон устун ўрнатилиб, 5 километр узунликдаги электр тармоғи янгиланди. 2 та электр трансформаторлари таъмирланди. 600 метрлик пиёдалар йўлакчаси қурилди. Кўчаларга 1,5 километр узунликда бетон ариқлар ўрнатилди.

1,5 километр узунликда қувур тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. 4 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Ўрта умумтаълим мактабимиз реконструкция қилиниб, 1 ҳамда 2,5 километр олисдаги қишлоқларда яшовчи ўқувчиларни ташиш учун автобус ажратилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини биноси таъмирдан чиқарилди, қишлоқ врачлик пункти фаолияти йўлга қўйилди.

3- сектор раҳбари эса сайёр қабул ўтказишни канда қилмасди. Ана шу мулоқотлар натижасида кўпчилик иш қуролларига эга бўлди. Анчагина одамга даволаниш учун ордерлар ажратилди. Яна бир қанчасига кредит олишда кўмаклашилди ва улар ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишди. Хусусан, икки нафар ҳамқишлоғимиз ҳовлисида балиқчилик хўжалиги очишган.

Нуриддин Каримов исмли ҳамқишлоғимиз ота-онасиз қолган 3 нафар набирасини боқаётганлигидан хабар топган Ғайрат Қодиров уларнинг ҳолидан хабар олишга борганида турар жойнинг таъмирга муҳтожлигини кўриб, ушбу оилага ёрдам қилиш тўғрисида топшириқ берди. Яна ҳашар қилинди. Ички ишлар органлари ходимлари қурилиш маҳсулотлари ва усталарни олиб келишди.

Кўп ўтмай Нуриддин Каримовнинг оиласи учун 5 хонали уй барпо этилиб, мебель ва анжомлар билан таъминланди. Байрамларда 3- сектор раҳбарининг ўзи келиб, уларга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бериб кетади. Бундай яхшиликни юраги тоза, саховатли одамларгина қила олади.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи сайёр қабулларда телефон рақамини айтади, “Муаммо бўлса, қўнғироқ қилинг”, дейди. Шу боис қишлоқдошларимиз қийин вазиятларда ёрдам сўрашдан тортинмайдилар. Чунончи, мурожаатларимиз асосида 2023 йилнинг бошида қаттиқ совуқ бўлган кунлари ички ишлар органлари ходимлари бошчилигида эҳтиёжмандларга текинга, аҳолига эса арзон нархда кўмир тарқатилди. Табиийки, кўрсатилаётган барча ёрдам учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғидан миннатдормиз. Қисқаси, маҳалламиз 3- сектор ҳудудида жойлашганидан мамнунмиз. 

Холбой ТОШҚУЛОВ,

Жиззах вилояти  Пахтакор тумани

Нурли пангат маҳалла фуқаролар йиғини.

Text to speech