5 Декабр 2021 йил 622

Махсус отряд томонидан “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси, бошқарма тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ҳамда Ички ишлар вазирлиги махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси Жиззах вилояти махсус отряди томонидан “Очиқ эшиклар куни” тадбири уюштирилди.

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи ҳамда Жиззах шаҳридаги 6- сонли ихтисослаштирилган давлат ўрта умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирок этишди. Тадбир аввалида сўзга чиққанлар юртимизда ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётгани, таълим ва тарбия жараёнлари, ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар бу борада муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.

Бундан ташқари, ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимлар учун яратилаётган шароитлар ҳам тилга олиниб, соҳавий хизматларнинг махсус техникалари, қурол-аслаҳа, махсус ҳамда алоқа воситалари ҳақида маълумот берилди. Сўнгра тадбир қатнашчилари жиноятчиликка қарши курашишда фойдаланиладиган жанговар техника, қурол-аслаҳалар, уларнинг хусусиятлари билан яқиндан таништирилди. Айниқса, шубҳали ва портловчи қурилмаларни хавфсиз жойга олиб чиқишда фойдаланиладиган масофадан  бошқарилувчи ускуна ёшлар қизиқишига сабаб бўлди.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади ўнаётган авлодни жанговар техникалар, қурол-аслаҳалар билан яқиндан таништириш баробарида мард ва жасур ходимларнинг юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлидаги хизматларини тарғиб этишга қаратилган. Ички ишлар органларида ўтказилаётган “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасидаги тадбир давомида соҳа ходимлари ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

Очик эшиклар куни тадбирида патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари кўргазмали чиқиши орқали хизмат итлари ёрдамида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, яширилган қуролни қидириб топиш кўникмаларини кўрсатиб бердилар. Бундан ташқари, ёшлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида ходимлар учун яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирдилар.

Қисқаси, ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” ички ишлар органларининг хизмат фаолияти, фуқаролар осойишталигини таъминлашда эришилаётган ютуқлари билан танишиш имконига эга бўлдилар.

Text to speech