Маънавий-маърифий тадбирда муносиблар тақдирланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир бошқарма соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қобилиятларини юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароит яратилиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги айтилди.
Тадбирда Жиззах давлат педагогика институти ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Юлдуз Каримова “Аёлдан бошланар келажак асли” мавзусида маъруза қилди. Нотиқ хотин-қизлар давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида фаолият кўрсатишаётганини таъкидлади. Аёллар орасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган юксак унвонга сазовор бўлганлар сони ҳам ортиб, янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида эркаклар билан баравар фидойилик билан меҳнат қилишаётгани эътироф этилди.
Бир қарашда нозикниҳол кўринган аёлларимиз ўз елкаларига Ватан ҳимояси, ҳуқуқ-тартибот муҳофазасидек машаққатли масъулиятни ҳам олишаяпти. Биргина ички ишлар органларининг деярли барча соҳавий хизматларида юрт осойишталигини асраш, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида фидойилик билан хизмат қилишаётгани тилга олинди.
Йиғилиш давомида ички ишлар органлари фахрийлари томонидан ҳар бир ҳар ходим ўз касбини ардоқлаши, ўз устида ишлаши, фуқаролар билан билан мулоқотда хушмуомалада бўлиши кераклиги уқтирилди.
Бундан ташқари Ички ишлар вазири ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан бир гуруҳ ходимларга биринчи ва навбатдаги махсус унвонлар топширилди. Шунингдек, спортнинг кураш тури бўйича Республика чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаган ходимлар, вилоят ички ишлар органлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи жамоалари ўртасида ўтказилган мини футбол бўйича бошқарма бошлиғи кубоги мусобақаларида ғолиб бўлган жамоалар муносиб рағбатлантирилди.