Маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида “Яшил макон умуммиллий ҳаракат” мавзусида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси раиси Шохруҳ Абдумуродов “Яшил макон умуммиллий ҳаракат” мавзусида маъруза қилди. Нотиқ мамлакатимизда Президентимизнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимизда дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг жорий этилиши бу борада тизимли ишларнинг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилаётганини таъкидлади. Қайд этилишича, ушбу лойиҳа доирасида ўтган йилнинг куз мавсумида “долзарб 40 кунлик” тадбири ташкил қилинди ва ҳудудларда миллионлаб дарахт кўчатлари экилди.
Тадбирда атмосфера хавосини муҳофаза қилиш, экологик қонунбузарликларнинг олдини олиш ва аҳолининг экологик билимини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Маълум қилинишча, ички ишлар органлари ҳамда масъул ташкилотлар ходимларидан иборат экопатрул томонидан ўтган 2021 йил давомида вилоят бўйича қарийб 3 мингга яқин шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, чиқиндиларни қайта ишлаш, ноқонуний равишда ов қилиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиб-териб вилоят ҳудудидан олиб чиқиш ва киритишга оид ҳуқуқбузарликлар, табиатга зарар етказиши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш чоралари ҳақида ҳам сўз борди.
Йиғилишда Жиззах шаҳар бош имом хатиби Фаҳриддин Шайзоқов “Коррупция, фирибгарлик ва оила мавзуси” да сўз юритди. Пора олиш ва бериш салбий иллат эканлиги ҳамда оила муқаддас даргоҳ эканлиги ва унинг мустаҳкамлигини сақлашда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Маънавий-маърифий тадбир Ички ишлар вазирлигида видеолселектр тарзида ўтган “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” мавзусидаги семинар билан давом этди. Семинарда “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мазмун-моҳияти, “Глобаллашув шароитида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг долзарб масалалари” ҳамда “Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш” мавзуларида маърузалар қилинди.