8 Апрел 2022 йил 587

Маънавият ойлиги доирасидаги тадбирлар

Ички ишлар органларида жорий йилнинг 2 апрелидан 2 май кунига қадар “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтмоқда. Ойлик доирасида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан қатор тадбирлар ташкил этилаяпти. Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлимида ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан олиб борилган ишлар қайд этилди.

Таъкидланишича, бошқарма соҳавий хизматлари ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимларида ватанпарварлик бурчаклари ташкил этилди. Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг маънавий дунёсини бойитиш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнларидан хабардорлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ишларнинг узвий давоми сифатида “Маънавият ойлиги” доирасида “Китоб ярмаркалари”, “Зукко китобхон” кўрик-танловлари, “Истеъдодли ижодкор ходим” каби тадбирлар уюштирилади.

Ҳисобот йиғилишида мазкур ойлик доирасида режалаштирилган ишлар ҳам маълум қилинди. Хусусан, “Барча саъй ҳаракатларимиз – инсон қадри учун” шиори остида маданий-маърифий концерт, “Театр ҳафталиги”, “Маънавият маршрути” лойиҳаси доирасида ички ишлар органлари ходимларини маданият объектлари, музей ва зиёратгоҳларга ташрифлари амалга оширилади. Ушбу тадбирларни ўтказиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.

Шу куни тадбир қатнашчилари тумандаги Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳида бўлишди. Қуръон оятларидан ўқилиб, дуолар қилинди. Қайд этиш жоиз, зиёратгоҳнинг диққатга сазовор жойлари, ўзига хос фусункор табиати, бетакрор манзаралари ходимларга маънавий озуқа бериш билан бирга уларнинг тарихий билимларини ҳам бойитишга муносиб ҳисса қўшди.

Text to speech