Маънавий-маърифий тадбир “Электрон давлат хизматлари” мавзусига бағишланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси барча соҳавий хизматлар ходимлари иштирок этган йиғилишда Жиззах шаҳар давлат хизматлари маркази масъуллари “Электрон давлат хизматлари” мавзусида маъруза қилишди. Нотиқларнинг қайд этишича, 2017 йилда Президентимиз ташаббуси билан давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ этиш сари дадил қадам қўйилиб, ўтган давр мобайнида бу борада қатор ишлар амалга оширилган.
Таъкидланишича, мамлакатимизда бугунги кунда 200 та давлат хизматлари марказлари фаолият юритиб, ягона интерактив давлат хизматлари портали 253 дан зиёд хизматлар кўрсатаяпти. Давлат хизматлари агентлиги сервис сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлигини таъминлаш, соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик юзасидан доимий мониторинг олиб бораётгани жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишнинг самарали фаолият юритишида муҳим омил бўлаяпти.
Йиғилишда ички ишлар органлари томонидан кўрсатиб келинган кўплаб хизматлар ҳам рақамлаштирилгани, бу ўз навбатида оворагарчиликларга барҳам бериш, тўловларни тўлаш каби қатор қулайликлар яратди.
Маънавият ва маърифат дарсида ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид маъруза ўқилди. Мазкур жараёнда давлат органларида маълумотларни ҳимоялашнинг усул ва воситалари ҳамда бу йўналишдаги илғор тажрибалар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Тадбир давомида ички ишлар органлари фахрийлари сўзга чиқиб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, улар томонидан устоз-шогирд анъанасини кучайтириш, хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга оид таклиф ва тавсиялар билдирилди. Соҳа вакиллари Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишга, ички ишлар органлари ходими формасига зарра доғ туширмасликка чақирилди.
Шундан сўнг вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича ўтказилган мусобақада яккалик ва умумжамоа ҳисобида юқори натижаларни кўлга киритган вилоят ички ишлар бошқармаси тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди жамоасига диплом ва совғалар топширилди. Тадбирда қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Маънавият ва маърифат дарсида мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелдаги қарори асосида “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” тасдиқланганлигининг 1 йиллиги муносабати билан вилоят маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ёшлар ишлари агентлиги ҳамда вилоят маданият бошқармаси ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбарларига вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ташаккурномалар топширилди.
Маънавият ва маърифат дарси республика ички ишлар вазирининг ўринбосари – маънавий маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Азизбек Икрамов раҳбарлигида ўтган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясининг ютуқлари ва истиқболлари” мавзуидаги илмий-амалий анжуманга уланиб кетди. Видеоселектор тарзида ташкил қилинган тадбирда шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби ҳам қатнашди.
Анжуманда ички ишлар органлари тизимида маънавий-маърифий жабҳада амалга оширилган ишлар таҳлил этилди ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.