Маънавий-маърифий тадбирда муносиблар тақдирланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида “Геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ва мафкуравий кураш” мавзусида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир уюштирилди.
Тадбир аввалида Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимларнинг шайлигини кўздан кечириш мақсадида саф кўриги ва тантанали юриш машғулоти ўтказилди.
Саф кўриги давомида ходимларнинг хизмат вақтидаги ташқи кўриниши, хизмат кийимлари, зарур ҳужжат ва анжомлари кўздан кечирилди. Мавжуд камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш бўйича масъул раҳбарларга топшириқлар берилди.
Тадбир шахсий таркибнинг тантанали юриши билан якунланди.
Маънавий-маърифий тадбирда Жиззах давлат педагогика институти проректори Сарвар Назарқосимов “Геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ва мафкуравий кураш” мавзусида маъруза қилди. Нотиқ ўз сўзида бугун глобаллашаётган дунёда геосиёсат давлатлараро алоқаларга, ўз навбатида, халқаро муносабатларга сезиларли таъсир ўтказаётгани, ҳар бир давлат халқаро муносабатларда ўз манфаатлари устуворлигига эришиш мақсадида барча имкониятларини ишга солишга, куч-қудратидан фойдаланишга ҳаракат қилаётгани ҳақида тўхталди.
Шунингдек, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, мафкуравий-ахборот ва бошқа усуллар орқали ўзга ҳудудларни таъсир доирасига олиш амалиёти, кескин кураш ва манфаатлар тўқнашуви кучайиб, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган бугунги давр ҳар биримиздан оқиллик, ҳушёрлик ва фаолликни талаб қилиши таъкидланди.
Йиғилишда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими етакчи мутахассиси Салим Комилов Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижоди хусусида сўз юритди. Тадбир давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан шоир шеърларидан ўқилди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги таълим муассасалари ўқувчилари ва курсантлари ўртасида “Жанговар тайёргарлик бўйича кўргазмали чиқишлар” танловида вазирликнинг Жиззах академик лицейи ўқувчилари 3- ўринни эгаллаганлиги учун диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари, барча шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари, Ички ишлар вазирлиги Академияси курсантлари ва Жиззах академик лицейи ўқувчилари, соҳа фахрийлари ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди.