Манзил колонияда маҳкумларга кўргазма уюштирилди
3- минтақавий ҳудуд 29-сон манзил колониясида “Юртимиз жамолини мадҳ этаётганлар” мавзуида кўргазма уюштирилди. Жиззах шаҳрида жойлашган ушбу колонияда республика бадиий ижодкорлар академияси аъзоси, рассом Ихтиёр Алибековнинг асарлари намойиш этилди. Маҳкумлар рассомнинг йил фасллари манзаралари ҳамда натюрмортларидан баҳраманд бўлдилар.
Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг тасвирий санъат усталари билан мулоқоти ҳам ташкил этилди. Мазкур жараёнда улар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шунингдек, тадбирдан кўзланган мақсад маҳкумларнинг ташқи ҳаётдан узилиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бадиий эстетик дидини юксалтириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларга психологик жиҳатдан ижобий таъсир кўрсатиш эканлиги баён қилинди.
Мулоқот давомида суд-ҳуқуқ тизимида кечаётган либераллаштириш жараёнлари, хусусан жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қўлланилаётган инсонпарварлик тамойиллари, озодликка чиққанларни ижтимоий мослатириш, иш билан таъминлаш ва қайта жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларга тўхталиб ўтилди. Кўргазма манзил колонияси ва вилоят бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган.