Манзил колонияда маънавий-маърифий тадбир
Инсон адашиб ёки билиб-билмай хато қилиши мумкин. Қонунни бузган шахс белгиланган жазо муддатини ўташ даврида қайта тарбияланади, маънавий билими оширилади. Шу маънода, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти учинчи минтақавий ҳудуд 30- сон манзил колониясида маҳкумлар келгусида такрор жиноят содир этмасликлари, тузалиш йўлига ўтиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари ва уларнинг дунёқарашини кенгайтириш мақсадида турли тадбирлар ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, навбатдаги шундай тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги диний ишлар бўйича қўмитанинг Зафаробод туман бўлими бош мутахассиси ҳамда халқ депутатлари туман кенгаши депутати юртимизда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар хусусида сўз юритишди.
Таъкидланганидек, мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсон ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматини тиклаш, урф-одат ва анъаналар, буюк аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур тадқиқ қилиш ва давом эттириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш имконини берди. Тадбир давомида ёлғон ва пуч ғоялар билан суғорилган, аслида нияти қўпорувчилик, бузғунчиликни кўзлаган диний оқимларнинг вайронкорликлари ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Бундан ташқари, юртимизда ёш авлоднинг илм олиши учун яратилаётган қулайликлар ҳам тилга олинди. Тадбир давомида маҳкумлар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришиб, қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Албатта бу каби тадбирлар соғлом муҳит барқарорлигини сақлаш, маҳкумларнинг ўзлигини англашлари ҳамда қатъий тузалиш йўлиги ўтишларига хизмат қилади.