Машғулотлар кўникмаларни мустаҳкамлайди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг йиғилиши ўтказилди. Тадбирда соҳада хизмат қилаётган аёл ходимлар билан ишлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги фаолиятни самарали ташкил этиш масаласи кўрилди. Шунингдек, “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ўқув машғулотлари уюштирилди.
Вилоят ички ишлар органларида хотин-қизлар йигитлар билан тенгма-тенг хизмат қилиб, юрт осойишталигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга ўзларининг ҳиссаларини қўшишмоқда. Уларнинг хизмат, жанговар, жисмоний ва ахлоқий психологик тайёргарлигини ошириш мақсадида доимий машғулотлар ташкил қилинаётир.
Хусусан “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида саф тайёргарлиги машғулотлари уюштирилди. Машғулотда Ўзбекистон Республикаси саф низоми, сафда туриш, юриш қоидалари, сафлар ва уларни бошқариш, сафдан чиқиш, ахборот бериш ва сафга қайтиш, саф бўлиб ҳаракатланиш тартиби амалий тарзда бажарилди. Шунингдек, саф кўриги ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари қуроллар, уларнинг турлари, фойдаланилиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя этиш тартиблари ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилди. Қуролларни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш машқларида юқори натижага эришган ички ишлар органлари хотин-қизлари ўқ отиш машқларида ўзларини намоён этишди.
Айтиш жоиз, ички ишлар органлари ходимлари “Донор қони – ҳаёт бахш этади” шиори остида донорлик хайрия акциясида ҳам қатнашдилар. Чунончи, бу хайрли ишда соҳа хотин-қизлари фаоллик кўрсатишди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар жамоатчилик кенгашининг йиғилишида вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жиззах академик лицейи хотин-қизлари иштирок этдилар. Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев сўзга чиқиб, аёл ходимларга яратилган имкониятлар, имтиёзлар, эришаётган ютуқларини қайд этди. Шу қаторда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам тилга олинди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, Вазирлар маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳамда туманларда хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, ички ишлар вазирининг буйруғи асосида жорий йилнинг 31 октябр куни бошқарма бошлиғининг буйруғи билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилган. Ушбу кенгашнинг асосий мақсади тизимда фаолият юритаётган аёл ходимлар билан ишлашни янги босқичга кўтариш ва самарадорликни оширишга қаратилган.
Йиғилишда жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари ҳам таништирилиб, ички ишлар органларининг барча бўғинларида ходимбай ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш, галдаги вазифалар хусусида сўз борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми йиғилиш иштирокчиларига етказилди.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ аёл ходимларнинг самарали меҳнати эътироф этилиб, ташаккурномалар топширилди.