Масъуллар ижтимоий ва иқтисодий соҳа объектлари фаолияти билан танишди
ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Бобоев ҳамда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бир қатор ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа объектларининг фаолияти билан танишдилар. Жумладан, улар Бахмал туманидаги 120 та иш ўрнига эга “Baxmal natural juice” масъулияти чекланган жамиятида бўлдилар. Йилига 3 минг тонна мева қиёми тайёрланаётган ушбу корхонанинг 3,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулоти хорижга экспорт қилинмоқда.
Шунингдек, масъуллар гидропоника усулида 500 тонна помидор етиштириш қувватига эга “Melon trade” масъулияти чекланган жамиятига бордилар. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур иссиқхона барпо этилиши учун 12,9 миллиард сўм йўналтирилган. Мулоқот жараёнида бахмаллик ишбилармонлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид режалари билан ўртоқлашдилар. Ўз навбатида ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш юзасидан тавсиялар билдирилди.
Вилоят ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармаси раҳбарлари Ғаллаорол туманидаги бир нечта таълим муассасалари фаолияти билан ҳам танишдилар. Яъни, таълим сифатини ошириш, ўқиш шароитларини яхшилаш, ёшларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш масалаларига эътибор қаратилди. Бундан ташқари нархлар барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захиралари сақланаётган омборхоналар кўздан кечирилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборт хизмати