Масъуллар томонидан манзилли профилактика тадбирлари ўтказилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари томонидан Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими масъул ходимларининг хизмат фаолияти ўрганилди. Асосий эътибор аввал судланиб маъмурий назорат остида турган ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турган шахслар билан олиб борилаётган манзилли профилактик тадбирларга қаратилди. Хусусан, улар билан суҳбат чоғида соғлом турмуш тарзига қайтиш, белгиланган тартибга амал қилишлари лозимлиги уқтирилиб, профилактик ҳисоб муддати тугаган шахсларни ҳисобдан чиқариш чоралари кўрилди.
Ўрганишлар давомида пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган шахсларни ижтимоий мослаштириш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, бандлигини таъминлаш орқали қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга ҳам эътибор қаратилди. Чунончи, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкум туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ишга жойлаштирилди. Шу қаторда бир неча очиқда жазо ўтаётган шахсларнинг суд ҳукми билан белгиланган талабларга риоя қилиши, яшаш шароити ва мавжуд муаммоларини ҳал этишга ҳам диққат қилинди.
Шунингдек, профилактика инспекторлари хизмат фаолияти ва юритувидаги ҳужжатлари кўздан кечирилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Маҳалла раиси ва унинг ўринбосари, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда аҳоли билан суҳбатлар уюштирилди. Фуқароларнинг мавжуд масалаларини бартараф этиш бўйича мутасаддиларга масъулият юклатилди.
Тунги вақтларда туман ички ишлар бўлими вояга етмаганлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспекторлари томонидан аҳоли гавжум жойлар, кафе ва ресторанларда рейд ташкил этилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли тартибда масъуллар огоҳликка чақирилиб, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари етказилди.
Тадбир давомида вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати ходимларининг амалга оширган ишлари ва йўл қўйган камчиликлари муҳокама қилинди. Йиғилишда ҳудудда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли осойишталигини таъминлаш борасида қилинадиган ишлар таҳлил этилди. Мавжуд камчиликларни ҳал этиш ва хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.