Масъуллар тозалик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди
3- сектор раҳбари Ғайрат Қодиров ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари
Ҳамид Ҳасанов Жиззах шаҳридаги “Марказий” деҳқон бозорига ёндош кўчаларда бўлишди.
Ушбу манзилда тозаликни таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш масалалари
кўриб чиқилди. Мутасаддилар Мирзо Улуғбек маҳалласининг Темирйўлчилар
кўчасидаги қурилиш ишлари бошланган объектни ҳам кўздан кечирдилар. Маълум
бўлишича, эътиборсизлик туфайли бу жой чиқиндихонага айлантирилган ва юзага
келган ҳолат теваракда истиқомат қилувчи фуқароларга ноқулайликлар туғдирмоқда.
Бу ерда қурилиш объектлари эгаларининг
тозаликка оид масъулиятини ошириш, хусусан, ушбу йўналишда уларга қўшимча вазифалар
юклашга келишиб олинди. Ўз навбатида, маҳалла еттилиги ҳамда ободонлаштириш
ташкилоти раҳбарига ҳудудни чиқиндилардан тозалаш, бу ишга махсус техникаларни
жалб қилиш топшириғи берилди.
Сектор раҳбари ва ҳоким ўринбосари
Шароф Рашидов туманидаги 2 та чиқинди полигонида бўлишди. Мазкур жараёнда
чиқиндиларни қайта ишлаш, тозаликни таъминловчи корхоналарнинг молиявий
аҳволини яхшилаш каби масалалар муҳокама қилинди. Якунда полигонга элтувчи 10
километр йўлга шағал ётқизиш бўйича вазифалар белгиланди.