15 Март 2022 йил 543

Меҳнат мигрантларининг муаммолари ва оиласини қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда олиб борилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Видеоселектр тарзидаги йиғилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари раҳбарлари, мутасадди идора ва ташкилотлар масъуллари иштирок этишди.

Тадбирда бугунги кунда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 мартдаги “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳамда юртбошимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектр йиғилишда берган топшириқлари ижроси юзасидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, хорижда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўламини ошириш, иш жойларидаги муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва уларни ҳал қилиш бўйича зарур амалий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Шу қаторда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш, фарзандларига касб-ҳунар сирларини ўргатиш ва тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш билан бирга уларни турли маънавий-маърифий тадбирларга жалб этиш лозимлиги айтилди.

Йиғилишда ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, фуқароларнинг хорижда бўлиб турган даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва таҳқирланишга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ёки маблағсиз қолган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш бўйича галдаги вазифалар белгиланди. Бу борада мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, масъулларга вазифалар юклатилди.

Text to speech