Муаммоларга ечим топилмоқда
Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Лалмикор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Озод ҳамда Озода Қаршибоевлар оиласи эҳтиёжмандлиги туфайли “Темир дафтар”га рўйхатга олинган эди. Мазкур оиланинг иқтисодий ҳолатини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг июль ойида 3- сектор масъуллари томонидан уларга ҳар бири мингта жўжа очиш қувватига эга 2 та инкубатор ажратилди. Шунингдек, Қаршибоевлар иш ҳақи ва жўжа боқиш учун озуқа билан таъминланмоқда. Олинган жўжалар 3- сектор ҳудудидаги аҳолига тарқатилаётир. Қисқаси, яқингача “Темир дафтар”да турган оила бугун бошқаларни иқтисодий қўллаб-қувватламоқда.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманида бўлганида аҳолини иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа билан атрофлича танишди ва ҳудудда яшовчи фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шундан сўнг Маржонбулоқ шаҳарча фуқаролар йиғинида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси масъулларининг сайёр қабули бўлиб ўтди. Мулоқотда Маржонбулоқ, Қипчоқсув, Гулчамбар, Жийдали, Коризқудуқ, Оқтош, Лалмикор, Самарқанд фуқаролар йиғинлари аҳолиси иштирок этди. Тадбир аввалида 3 нафар ёшга “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида имтиёзли кредит, яна 2 нафар ёшга субсидия асосида сув насослари олиш ваколатини берувчи сертификатлар топширилди. 14 нафар эҳтиёжманд оила вакиллари эса 3- сектор масъулларидан электр печларини қабул қилиб олишди.
Мулоқотда маҳаллабай ишлаш тизимида фаоллик кўрсатган 5 нафар ички ишлар органлари ходими ташаккурномаларга эга бўлдилар. Бундан ташқари 16 ёшга тўлган бир гуруҳ ёшларга тантанали равишда шахсни тасдиқловчи ID карталар топширилди. Шунингдек, 2 кишининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш билан боғлиқ узоқ йиллик орзулари ушалди.
Сайёр қабул давомида 20 дан ошиқ фуқаро томонидан ичимлик суви таъминотини яхшилаш, қишлоқ врачлик пунктини таъмирлаш, тиббий кўмак кўрсатиш, турар жой қурилиши, уй таъмири, ишга жойлашиш, тадбиркорлик, уй сотиб олиш учун имтиёзли кредит ва ер майдони олиш, сел йўлида ариқ ковлаш, суюлтирилган газ, нафақа, моддий ёрдам билан таъминлаш каби масалалар юзасидан мурожаатлар қилинди. Фақат муаммолар баён этилмасдан қилинган ишлар учун ташаккур ҳам билдирилди. Хусусан, Қипчоқсув маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Омон Жабборов Ғаллаорол тумани ИИБ оталиғидаги қишлоқ мактабида амалга оширилган таъмир боис 3- сектор вакилларидан миннатдорлик изҳор этди.
Сайёр қабулда кўтарилган ҳар бир муаммо бўйича тегишли масъуллар бириктирилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди. 3- сектор раҳбари томонидан бу каби мулоқотлар вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.