4 Ноябр 2021 йил 610

Муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жорий йилнинг октябрь ойида Зомин туманининг Чилонзор маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказган эди. Айни кунларда ушбу сайёр қабулда кўтарилган масалаларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Чунончи, Чилонзор маҳалласида 1 километру 300 метрлик кўча сатҳи текисланиб, шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. Худди шундай, 20 та бетон устун ўрнатилиб, қопламали электр тармоқлари тортилган. Мазкур ҳудудда янги трансформатор ўрнатиш ҳам режалаштирилган.

Туманнинг 3- секторига кирувчи 5 минг 210 киши истиқомат қиладиган Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ички йўллар сатҳини текислаш ва шағал ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда. Умуман олганда, Чўлпон ва Тафаккур кўчаларига 2,6 километр йўлга шағал ётқизилади.   

Маълумот ўрнида айтиш керак, 2022 йилда Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла” дастури ҳаётга татбиқ этилади. Дастур доирасида 2 та артезиан қудуғи ковланиб, 5 километру 850 метр узунликда сув қувурлари тортиш мўлжалланаётир. Қисқаси, туманнинг 3- сектори ҳудудида аҳолининг турмушини қулайтиришга қаратилган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг сайёр қабули ўтказилиши билан ўша ҳудудда 3- сектор ишчи гуруҳи муайян муддат фаолият кўрсатиб, аҳоли томонидан кўтарилган муаммо ва масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.             

 

 

 

 

Text to speech