Муаммоларни биргаликда ҳал қиламиз
Ш.Рашидов тумани ИИБда пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётган шахслар учун сайёр қабул ўтказилди. Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ пробация бўлими томонидан туман ИИБ билан ҳамкорликда уюштирилган тадбир аввалида очиқда жазо ўтаётган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида сўз борди.
Мулоқот давомида маҳкумлар ўзларини қийнаётган қатор масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрашди. Баён этилган ҳар бир муаммо ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгиланди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020-йил 14-февралдаги “Ички ишлар органлари Пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пробация назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, улар томонидан қайта жиноят содир этиш хавфини аниқлаш ва тегишли профилактик тадбирларни амалга ошириш мақсадида мутасадди идоралар билан ҳамкорликдаги фаолият механизмлари белгилаб берилган.
Ушбу қарор ижроси юзасидан Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабулда назорат остидаги шахслар саломатлигини тиклаш, бандлик, тадбиркорлик фаолияти учун кредит ажратилиши, уй-жой ва жазодан озод қилиш ёки енгиллаштириш каби масалаларда кўмак зарурлигини айтишди. Кўтарилган масалаларни бартараф қилиш нуқтаи назаридан чора тадбирлар белгилаб олинди.
“Муаммоларни биргаликда ҳал қиламиз” мавзусидаги тадбир Бахмал туманида ҳам ташкил этилди. Тадбир давомида аҳлоқ тузатиш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган, озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган шахсларнинг маслаларини ўрганиш асносида уларга келгусида қайта жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этмаслик кераклиги тушунтирилди.
Маҳкумларнинг иш ва яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш ҳамда муаммоларини ўз вақтида бартараф этишга қаратилган сайёр қабуллар барча туманларда уюштирилмоқда.