17 Август 2021 йил 659

Сермазмун мулоқот

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида “Ички ишлар органларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларни рағбатлантириш борасида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида уюштирилган тадбир аввалида мавзу юзасидан Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи, полковник Олимжон Абдуллаев чиқиш қилди.

Нотиқ мамлакатимизда, хусусан Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек сўнгги йилларда қабул қилинган соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбир давомида ички ишлар органларига кадрларни танлаш, уларни муносиб лавозимга қўйиш, шахсий таркибнинг хизмат, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтириш, ўқитиш, бошланғич ҳамда қайта тайёрловдан ўтказиш, малакасини ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, ИИВ академияси кундузги таълим шаклига 197 нафар номзоднинг ҳужжатлари расмийлаштирилган. Ушбу номзодларнинг 35 нафарига ИИВ академияси тингловчилари сафидан жой олиш насиб этган. 81 нафар ходим эса ИИВ академияси сиртқи таълим факультетида ўқиш истагини билдирганлиги баён қилинди.

ИИВ малака ошириш институтининг сайёр ўқув йиғинларида 395 нафар ходим ўз билим ва кўникмаларини оширган. Бундан ташқари Ички ишлар вазирининг тегишли фармойишлари асосида Жиззах вилояти ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отрядининг 16 нафар ҳамда соҳавий хизматларнинг 6 нафар ходими ИИВ махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси махсус тайёргарлик ўқув марказида, Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг 45 нафар раҳбар ва ходимлари Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати бригадаси ва ички ишлар органлари ходимларининг бошланғич тайёргарлик ва малакасини ошириш марказида ташкил этилган ўқув курсларида иштирок этганлиги айтилди.

Шунингдек, 2021 йилнинг февраль ойидан бошлаб Жиззах вилояти ички ишлар органларининг жиноят-қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, тергов ва транспортда хавфсизликни таъминлаш соҳавий хизматлари ходимлари босқичма-босқич Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда икки ҳафталик махсус касбий тайёргарлик ўқув йиғинида қатнашаётганлиги билдирилди.

Жиззах вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар эса жорий йилнинг 1-5 март кунлари Ички ишлар вазирлиги малака ошириш институти Жиззах филиалида билим ва касбий маҳоратларини мустаҳкамлашган. Худди шундай, Жиззах вилояти ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлимининг 4 нафар ходими Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда ИИВ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ўқув курсларига малака ошириш учун юборилгани маълум қилинди.

Ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда спорт машғулотлари, “10 минг қадам” акцияси ҳамда қутлуғ саналар муносабати билан мусобақалар уюштирилган. Соҳа вакилларининг жанговар қуроллардан фойдаланишга оид кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган машқлар ва тактик машғулотлар ҳам тез-тез ўтказилаётгани айтилди. Шаҳар ва туманлар ИИБ ходимлари учун 16 та “Workout” майдончалари ташкил этилган. Амалиёт ўташ учун келган ИИВ академияси курсантларининг билим ва малакаларини ошириш самарали йўлга қўйилган.

Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимида қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида фаоллик кўрсатаётган ходимлар изчил рағбатлантирилаётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 18 нафар ходим фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. 41 нафар ходимнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилган. Яна бир қанча ходимларга пул мукофотлари ажратилган. 

Жорий йилда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг “Зомин” соғломлаштириш оромгоҳи капитал таъмирлангани, бу эса ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг ёзги таътилни мазмунли ўтказишлари учун омил бўлаётгани баён қилинди. Шунингдек, хасталикка чалинган 31 нафар соҳа фахрийлари ҳолидан тез-тез хабар олинаётгани билдирилди.

Тадбирда республикамиз Президенти ташаббуси билан ички ишлар органлари ходимлари уй-жой билан таъминланаётгани, ижарада яшайдиган соҳа вакилларининг ижара тўловлари компенсация қилинаётгани эътироф этилди. Матбуот анжумани давомида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа масъулларидан жавоблар олишди. Журналистларни жиноятлар содир этилишига йўл қўймаётган профилактика инспекторларини рағбатлантириш, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат шароитлари, улар фойдаланадиган имтиёзлар, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш каби масалалар қизиқтирди.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати, 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизими, вилоят ИИБ кутубхонаси фаолияти ҳамда руҳий енгиллаштириш хонасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. 

Text to speech