“Намунали ҳуқуқ-тартибот масканлари” танловининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди
Жиззах вилояти мусиқали драма театрида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари” кўрик танловининг вилоят
босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ғолибларни
тақдирлаш аввалида вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев мамлакатимизда
инсон ҳуқуқларини таъминлаш, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини
ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
Вилоят ички
ишлар бошқармаси, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси,
ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят телерадиокомпанияси ҳамда
Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимининг қўшма қарори асосида
ўтказилган танлов натижаларига кўра Дўстлик
тумани “Саритепа” МФЙ ҳудудидаги 10-сонли
маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани биринчи ўринни эгаллади.
Фориш тумани “Хонбанди” ШФЙ ҳудудидаги 11-сонли ҳамда Ғаллаорол тумани “Маржонбулоқ” ШФЙ ҳудудидаги 13-сонли маҳалла ҳуқуқ тартибот масканлари иккинчи ва учинчи
ўринларга муносиб деб топилди. Профилактика катта инспекторлари, майор Илғом
Шодмонов, майор Ойбек Уришев, майор Зиёдулла Холмуродовларга ташкилотчиларнинг
эсдалик совғалари ва республика босқичига йўлланма топширилди.
Бундан ташқари, “Энг
фидойи сектор раҳбари”, “Энг фаол
профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси», “Энг намунали хотин-қизлар фаоли», “Энг фаол ҳоким ёрдамчиси”, “Энг фаол ёшлар етакчиси”, шунингдек, хотин-қизлар, вояга етмаганлар масалалари бўйича ҳамда
пробация гуруҳи, патруль-пост хизмати, йўл-патрул хизмати инспекторларининг энг
фаоллари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир давомида вилоят маданият ходимлари томонидан концерт дастури
намойиш этилди.