Навбатдаги сайёр қабул Арнасойда ўтказилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг навбатдаги сайёр қабули Арнасой туманининг Ғафур Ғулом маҳалласида бўлиб ўтди. Ғолиблар, Мирзо Бобур, Ғафур Ғулом маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли вакиллари, шунингдек ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тумандаги ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликлари иштирокида ташкил этилган тадбир аввалида ижтимоий дафтарларга рўйхатга олинган 5 нафар аёлга субсидия асосида тикув машинаси, 4 нафар ёшга сафарбарлик чақируви резерви тўловларининг тўланишига оид ҳамда яна 3 кишига моддий ёрдам ажратилишига доир сертификатлар топширилди. Худди шундай, 5 нафар ёш Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида рағбатлантирилди.
Сўнг фуқаролар билан мулоқот ўтказилди. Мазкур жараёнда субсидия ажратиш, тозаликни таъминлаш, ичимлик суви исрофгарчилигининг олдини олиш, маҳаллаларни оқова сув билан таъминлаш, йўлларга асфальт ётқизиш, транспорт воситалари тезлигини чеклаш, ички ирригация тизимларини яхшилаш, алимент ва мулкни ундириш каби қатор масалалар кўтарилди. Ўз навбатида тегишли ташкилотлар масъулларига топшириқлар берилиб, муаммоларни ҳал этиш муддатлари белгиланди. Қолаверса, шу куни 3- сектор ишчи гуруҳи бир неча фуқаролар баён этган масалаларни жойига чиқиб ўрганди.