Наврўз – миллий қадриятлар тантанаси
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Жиззах вилояти ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ходимлари иштирок этган тадбир аввалида бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Бошқарма бошлиғи ўз сўзида Наврўзи олам азал-азалдан кенг нишонланиб, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, диёнат, адолат ва инсонийлик тамойилини тарғиб этиш, ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида камол топтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, барчани байрам билан муборакбод этди.
Тантанали тадбирда Ички ишлар вазирининг буйруғи асосида бир гуруҳ ходимлари ички ишлар органларида кўп йиллик фидокорона хизматлари, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Худди шундай, яна бир қатор соҳа вакиллари вилоят ички ишлар бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан 10-14 март кунлари ички ишлар органлари соҳавий хизматлари, манзил колониялари, транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими, Жиззах шаҳар ва Зомин туман ички ишлар органлари фаолиятни мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда барча туман ички ишлар бўлимлари, ИИВ Жиззах академик лицейи жамоалари ўртасида спортнинг футбол тури бўйича мусобақалар ўтказилган эди. Йиғилишда мазкур мусобақа ғолибларига медаллар ва кубок тақдим этилди.
Маърифий тадбирда “Наврўз – миллий қадриятлар тантанаси”, шоир Саъдулла Ҳакимнинг ҳаёти ва ижоди хусусида ҳам маърузалар тингланди. Ижодкор асарларида ёшлик ва баҳор тараннум этилгани таъкидланди.
Тадбир ички ишлар органлари ходимларига байрамона кайфият улашиб, бундан кейин ҳам юрт осойишталиги йўлида бор билим ва салоҳиятини сафарбар этишга руҳлантирди.
Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати