Ноҳақ айбланганлар оқланди
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг инсон, унинг шаъни, қадр қиммати ҳамма нарсадан устувор эканлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. Ана шундай инсон қадрини ҳимоя қилиш, унинг пок номини оқлаш ва рўёбга чиқаришга қаратилган хатти-ҳаракат Жиззах вилоят судининг ҳукмида ҳам ўз аксини топганлигини кузатишимиз мумкин.
Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман судининг 2020 йил 10 июлдаги ҳукмига кўра З.Умурзакованинг (исм ва фамилиялар ўзгартирилган, ҳар қандай мос келиши тасодифий) 2019 йилнинг август-октябрь ойларида Бахмал тумани Сангзор ҚФЙ Чубор қишлоғида яшовчи, жиноий шериги А.Ишимов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, жиноий режа тузишиб, жиноий режага кўра, Бахмал туманида жойлашган “Чоршанба деҳқон бозори”, Ғаллаорол тумани “Лалмикор” нефьтбазасига қарашли Сангзор филиали ва Сангзор фермер хўжаликларини устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза ёзиб, ўзини инсон ҳуқуқлари ташкилотида ишлашини айтиб, Бахмал туманидаги “Чоршанба деҳқон бозори”га бориб, бозорга тушган молларни тегишли давлат ташкилотларининг рухсатисиз саноқдан ўтказиш, туман давлат солиқ инспекцияси билан текширтириш орқали ташкилот раҳбарларини аризабозлик йўли билан тинчини бузиш ва безовта қилиш йўли билан жабрланувчиларни ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш билан қўрқитиб, ноқонуний бойлик орттириш ниятини мақсад қилишгани аниқланди.
2019 йилнинг август-октябрь ойларида тузишган жиноий режа асосида ҳаракатланиб, Ш.Тоғаевнинг ҳаракатлари устидан ёнилғи маҳсулотларини ноқонуний ишлатиб юборгани ва фермер ҳўжалигининг еридан ноқонуний фойдалангани ҳақида тегишли ташкилотларга ёзиб, безор қилиб, унга нисбатан ҳар хил уйдирмалар тўқиб, агар 80 млн. сўм пул берса уни тинч қўйишини айтиб, жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўядилар.
Бундан ташқари А.Ишимов жиноий фаолиятини давом эттириб, 2019 йилнинг август-октябрь ойларида тузган жиноий режа асосида ҳаракатланиб, шериги З.Умурзакова билан бир гуруҳ бўлишиб, ўзини инсон ҳуқуқлари ташкилотида ишлашини айтиб, қўрқитиб, Бахмал тумани, Сангзор СИУ раҳбари ва Бахмал туманида жойлашган “Чоршанба деҳқон бозори” раиси вазифасида ишловчи Э.Тоғаевнинг ҳаракатлари устидан ҳар хил уйдирмалар айтиб, 07.08.2019 йилда туман ДСИ ходимларини чақириб, бозорда мониторинг ўтказиб, шунингдек, 2019 йилнинг 14, 21, 28 август кунлари тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз бозорда молларни саноқдан ўтказиб, бошқа фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб унинг устидан тегишли ташкилотларга ёзишини айтиб, уларни ҳам ариза ёзишга жалб қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза ёзиб, унинг фермер хўжалиги ери туман ҳокимлиги томонидан ўз аризаси асосида давлат захирасига олиб қўйилган бўлишига қарамай, онгли равишда товламачилик йўли билан ноқонуний бойлик орттириш мақсадида Бахмал тумани СИУ раҳбари вазифасида ишловчи Э.Тоғаевнинг фермер хўжалигини олиб қўйишга ваколати йўқлигини билгани ҳолда “фермерлик еримни олиб қўйиб менга зарар келтирдинг”, деган ҳар хил важларни келтириб, унинг тинчини бузишда давом этиб, агарда 80 млн. сўм пул берса уни тинч қўйишини айтиб, жабрланувчиларни ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишган. Натижада иложсиз қолган Э.Тоғаев ва Ш.Тоғаевлардан жами 30 млн. сўм пулларини товламачилик йўли билан олишга эришганлар.
Судланувчилар шикоятларида суднинг ҳукмидан норозилиги, ЖПКнинг 22-моддаси талаблари бузилгани, товламачилик қилиш ва бировнинг пулини олиш ҳақида тил бириктирмаганликлари ҳақида важлар келтириб, суднинг айблов ҳукмини бекор қилиш ва оқлов ҳукми чиқаришни сўраганлар.
Мазкур жиноят иши Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилди ва апелляция тартибидаги шикоят жиноят иши ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширган тергов органлари ва ишни биринчи инстанция суди мажлисида кўрган суд томонидан ҳам З.Умурзакова ва А.Ишимовларнинг ҳаракатларида товламачиликнинг қайд этилган биронта ҳам белгиси аниқланмаган бўлсада, улар томонидан тил бириктирган ҳолда ва гуруҳда товламачилик жинояти содир этилган деган қонунсиз ва асоссиз хулосага келинган.
Шунга кўра, судлов ҳайъати иш бўйича жабрланувчи Тоғаевларнинг А.Ишимов ва З.Умурзаковалар фаолиятига аралашмаслик ва бошқа безовта қилмаслик эвазига товламачилик йўли билан мулкини қўлга киритганлиги ҳақида берган кўрсатувларини номақбул далиллар деб топиб, судланувчиларни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-банди талабига кўра уларнинг қилмишларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, уларни айбсиз деб топиб, реабилитация этиши лозим деб топди.
Бундан ташқари оқланганларга реабилитация қилинишлари муносабати билан уларга етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш оқибатларини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда даъво билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.
Дилшод Эшматов,
Жиззах вилоят суди судьяси.