Ноқонуний балиқ овлашга қарши курашилмоқда
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан муҳофаза этилаётган табиий ҳудудларда давлат экологик назоратини амалга ошириш, ноқонуний ов, балиқ овлаш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни териш-йиғиш каби қонунбузарликларга қарши курашилмоқда. Хусусан, 2020-2022 йиллар давомида амалга ошириладиган ишлар юзасидан қўшма тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида “Айдар-Арнасой” кўллар тизимига туташ бўлган Фориш, Зафаробод, Арнасой ва Мирзачўл туманларида махсус профилактик тадбир уюштирилди. Тадбирларда бир қатор қонунбузарликлар аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Чунончи, Дўстлик тумани Оққўрғон қишлоғида яшовчи фуқародан жами 192 кг оғирликдаги 77 дона балиқ ва 1 дона қайиқ, балиқ овлаш тўри ва қармоқлар ҳужжатлаштириб олинди.
Худди шундай, Фориш туманининг Қизилқум қишлоғида яшовчи шахсдан 111 килограмм бўлган 390 дона, маҳалладошидан 103 килограмм оғирликдаги 42 дона, хонбандилик фуқаро 20 килограмм ёки 39 дона балиқни ноқонуний овлаганлиги ҳужжатлаштирилди. Тадбир давомида Дўстлик маҳалласи Отақўрғон қишлоғи ҳудудидан эса 16 та қайиқ ва 5 та мототранспорт воситаси, 5 та “Yamaha” русумли қайиқ двигателлари қаровсиз ҳолда топилди.
Учқулоч маҳалласида яшовчи фуқаронинг яшаш уйи кўздан кечирилганда яшаш хонадонидан 20 килограмм оғирликдаги 69 дона, Пастки Учқулоч қишлоғида яшовчи фуқаро ҳам хонадонда 50 килограмм оғирликдаги 201 дона балиқ маҳсулотларини сақлаётгани маълум бўлди.
Зафаробод туманида ҳам бир қатор қонунбузарликларга чек қўйилди. Хусусан, ўзини хусусий корхона ошпази деб таништирган фуқаро бўйича олиб борилган ўрганишлар чоғида у расмий тарзда корхонага ишга қабул қиланмаганлиги, балиқ овлаш учун эса ҳеч қандай тегишли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Ушбу шахсдан 7 килограмм оғирликдаги балиқ, тўр, 9 дона қайиқ ва 1 дона мототранспорт воситаси, шунингдек шахсини аниқлаш имкони бўлмаган фуқаролар томонидан ташлаб кетган тўр ва оғирлиги 40 килограмм бўлган 8 юзи 52 дона балиқлар ҳужжатлаштирилди. Масъулияти чекланган жамиятига қарашли 12 дона темир қайиқлар ўрганилганда улардан 6 тасининг ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлди.
Арнасой тумани Чинобод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар эса “Нексия” русумли автомашинада 75 килограмм бўлган 56 дона балиқларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетаётганда ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди. Ушбу маҳалладаги яна бир хонадонда эса 29 килограмм балиқ, тўр ва қармоқлар сақланаётгани фош этилди.
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам “Нексия” русумли автомашинасида 63 килограмм балиқларни ҳеч бир ҳужжатларсиз олиб кетаётганда тўхатилди. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам ноқонуний равишда балиқ овлаган. Ундан 45 килограмм балиқ, қайиқ ва тўр ҳужжатлаштирилди.
Мирзачўл тумани Ипак йўли маҳалласида яшовчи фуқаро эса Арнасой туман ҳудудидаги дала майдонида спиртли ичимлик таъсирида ўзига бириктирилган қурол билан ов қилган. Ғаллаороллик фуқаронинг “Дамас” русумли автомашинасида бўлган Бухоро вилояти Олот туманида яшовчи 5 нафар фуқародан 68 килограмм, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида истиқомат қилувчи 3 нафар маҳалладошлардан 65, Бухоро вилояти Олот тумани Шейх маҳалласида яшовчи 2 нафар юртдошимиздан 34, Қашқадарё вилояти Қамаши тумани Қоратепа маҳалласида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқародан 80 ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Бўзотов тумани Эркиндарё овулида яшовчи 2 нафар фуқародан эса 87 килограмм оғирликдаги балиқлар ҳужжатлаштирилди.
Тадбир давомида ички ишлар органлари қидирувида бўлган икки нафар қочоқ ҳам ушланди. Инчунин, Зарбдор тумани Равот маҳалласида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 169-моддаси 2- қисми яъни, ўғирликда айбланиб, шу йилнинг 7 декабрь куни қидирув эълон қилинган эди. Худди шундай, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида истиқомат қилувчи 1992 йилда туғилган шахс ҳам Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 167 моддаси 3- қисми яъни, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарожликда айбланиб, 9 декабрдан қидирувда эди. Ушбу иккала қочоқнинг Мирзачўл туманидаги яширин манзиллари аниқланиб, қўлга олинди.
Хуллас, мазкур махсус профилактик тадбир давомида ноқонуний овланган 1 минг 91 килограмм балиқ, 43 та қайиқ, 6 та мототранспорт воситаси, 73 та тўр ва қармоқлар ҳужжатлаштирилган. 12 та автотранспорт воситалари жарима майдонларига қўйилди.
Махсус профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.