18 Май 2021 йил 825

Нурафшонда иш қизғин

Зафаробод туманидаги “Нурафшон” шаҳарчасида “Обод қишлоқ” дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, том қисмларини янгилаш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, электр тармоқлари ва табиий газ таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаяпти. Ҳудудда айни йўналишдаги ишлар билан танишган Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбари келгусида қилиниши лозим бўлган ишлар бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Тўрт минг тўрт юз нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарча фуқаролар йиғинидаги 18 та кўп қаватли уйларнинг 5 тасининг том қисми “Обод қишлоқ” дастури асосида янгиланди, яна 5 та уйники алмаштирилади. Бундан ташқари, 2 та кўчага сув қувури тортилаяпти. Ушбу иш якунланиши билан қарийиб 800 нафарга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Шунингдек, вилоят 3- сектор раҳбарининг бевосита саъйи ҳаракати билан 2 та трансформатор олиб келинди ва уларнинг биттаси ўрнатилди.

Дастур доирасида шаҳарча фуқаролар йиғинининг 8 километр кўчасига шағал ётқизиш ва 1,2 километр кўча асфальт қилиниши кўзда тутилган. Бошқарма бошлиғи ушбу ишларининг боришини ўрганиб, электр энергияси ва табиий газ билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш ишларни тезлаштириш лозимлигини таъкидлади. Кўп қаватли уйларнинг атрофидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ва чиқиндиларни ҳудуддан олиб чиқиш, кўча ва хонадонлар ободлигини таъминлаш бўйича тавсияларини билдирди.

Нурафшон шаҳарчасининг “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” да рўйҳатда турган ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, уларнинг 30 нафари дастур доирасидаги ишларни бажариш учун ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб этилди.

Шаҳарчада бажарилаётган ишларни янада жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни жойида бартараф қилиш мақсадида Жиззах вилояти 3- сектор раҳбарининг кўчма штаби ҳудудга ўрнатилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech