Ободлик кўнгилдан бошланади
Бугунга қадар Шароф Рашидов туманидаги Каттақишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга эмас эди. Яна саноқли кунлардан сўнг янгдан бунёд этилаётган маҳалла идораси фойдаланишга топширилади. Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ушбу қурилиш ишларининг бориши билан танишди. Маълум қилинишича, 4 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини идорасини қуриш учун туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 324 миллион сўм маблағ ажратилган. Ўтган июл ойининг бошидан бошланган бунёдкорлик тез кунда якунланиши режалаштирилган.
Бошқарма бошлиғи шу ерда маҳалла фаоллари ва нуронийлари билан суҳбатда бўлди. Мулоқот чоғида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Тумандаги 25- сонли ўрта умумтаълим мактабини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида кўламли ишлар қилинмоқда. ўтган давр мобайнида “Мамажоновлар” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 830 ўринли муассаса биносининг иситиш тизими ва эшик ҳамда деразалари янгиланди. Бошқарма бошлиғи ушбу ишларнинг боришини ҳам кўздан кечирди. Таъмирлаш ишларини қисқа фурсатда якунлаб, мактаб биносини янги ўқув йилиги тайёрлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Маълум қилинишича, бино таъмири учун 888 миллион сўм маблағ ажратилган.
Худди шундай, 17- сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу мактаб биносини таъмирлаш учун 1 миллиард 136 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, бугунга қадар эшик ва деразаларни янгисига алмаштирилди. Ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилаяпти. Вилоят 3- сектор раҳбари ушбу ишлар билан танишув асносида мавжуд камчиликларни ҳам кўрсатди. Уларни ҳал этиш бўйича масъулларга вазифалар юклади.
Ҳудудда аҳолининг ичимлик суви билан боғлиқ муаммосини ҳал этиш чораси ҳам кўрилмоқда. Шу кунларда эса ер остидан сув олиш иншоати бунёд этилаяпти. Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ушбу иш билан ҳам танишди.